Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.08.2015 18:46 Чоп этиш версияси

Паррандачилик ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида мамлакатимиз паррандачилик соҳасининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимиз агросаноат комплексини ривожлантириш жараёнида паррандачилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бугун ушбу соҳа аҳолини арзон парҳез маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

– Сўнгги беш йилда паррандачилик соҳаси жадал ривожланмоқда, – дейди “Паррандасаноат” уюшмаси раисининг ўринбосари П.Раҳматуллаев. – 2010 йилда 3 миллиард дона тухум етиштирилган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 5 миллиард донага етди. Бугун соҳа корхоналари томонидан бир йилда аҳоли жон бошига ўртача 157 дона тухум ва 3 килограмм товуқ гўшти етказиб берилмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари айни пайтда соҳа олдига муҳим вазифалар қўйилганини таъкидлади. Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун ветеринария хизматини такомиллаштириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, техник инвентарларни модернизация қилиш, наслчилик паррандачилигини ривожлантириш зарур. Соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 224 касб-ҳунар коллежида 25,5 мингдан зиёд ўқувчи паррандачилик соҳаси бўйича таълим олмоқда.

Тадбирда паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА
6 460