Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паррандачилик – истиқболли соҳа

Пойтахтимизда “ЕвроОсиё – 2015” иккинчи халқаро паррандачилик форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон менежерлар ва “Паррандасаноат” уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Хитой, Голландия, Россия, Украина каби давлатлар вакиллари иштирок этди.

Пойтахтимизда “ЕвроОсиё – 2015” иккинчи халқаро паррандачилик форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон менежерлар ва “Паррандасаноат” уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Хитой, Голландия, Россия, Украина каби давлатлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, “Паррандасаноат” уюшмаси раисининг ўринбосари П.Раҳматуллаев, Евроосиё паррандачилар уюшмаси президенти С.Шабаев ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоизга ўсди. Паррандачиликка ихтисослашган уч мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларида парҳез гўшт ва тухум етиштириш ҳажми йил сайин ортмоқда. Ҳозир юртимизда қарийб 55 миллион парранда парваришланмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоиз кўпдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан паррандачилик хўжаликларига 2012 йилнинг 1 январига қадар солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилди.Мазкур имтиёзлар 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилиб, наслчилик хўжаликлари асосий фаолият тури бўйича барча солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод қилинди.

Соҳага тегишли корхоналар наслчилик маҳсулотлари, технологик ускуналар, озуқа, витаминли қоришмалар, зооветеринария хизмати кўрсатишни ривожлантиришда зарур технология ва ёрдамчи ускуналарни четдан олиб киришда божхона тўловлари тўламайди. Бу солиқ имтиёзлари аҳоли ва фермерларни рағбатлантириши билан бирга, юртимиз паррандачилик корхоналарига замонавий технологияларини таклиф қилаётган хорижлик компанияларнинг кўпайишига хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистонда паррандачилик жадал ривожланаётган соҳалардан биридир, – дейди Голландиянинг «Bert International» компанияси менежери Валерий Сирбу. – Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги паррандачилик корхоналарини ўрганиш жараёнида бунга амин бўлдик. Компаниямиз паррандачилик хўжаликларига мўлжалланган замонавий, ярим автомат технологияларни ишлаб чиқаради. Келгусида Ўзбекистон ишбилармонлари билан бройлер жўжалари, курка, ғоз етиштириш борасида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқдамиз.

Халқаро форумда соҳада қисқа муддатда парранда маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва аҳолини сифатли парҳез маҳсулотлари билан таъминлашга эришилгани алоҳида қайд этилди. Зотдор паррандаларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича илғор технологиялар жорий этилаётгани, ветеринария профилактика тадбирлари амалга оширилаётгани паррандачилик корхоналари маҳсулдорлигини ошириш ва уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш имконини бераётир.

Соҳада кадрлар тайёрлаш ҳам доимий эътиборда. Мамлакатимиздаги 224 қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 25 мингдан зиёд йигит-қиз паррандачилик йўналишида таҳсил олмоқда. Туманларда паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилаётгани парҳез маҳсулотлар кўпайиб, нархи арзонлашишида муҳим омил бўлаётир. Тиббий меъёрларга кўра, бир кишининг йиллик ўртача тухум истеъмоли 121 дона деб белгиланган бўлса, мамлакатимизда бу кўрсаткич 130 донани ташкил этмоқда.

Паррандачиликни янада ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида бу йил 940 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Янги хўжаликларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 77 миллиард 740 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Натижада 266 миллион 320 минг дона қўшимча тухум етиштирилиб, уч минг уч юз иш ўрни яратилди.

– Паррандачилик билан шуғулланаётган корхоналар йил сайин кўпаймоқда, – дейди “Ўзбиокомбинат” Ўзбекистон – Буюк Британия – Россия қўшма корхонаси маркетинг бўлими бошлиғи Фазлиддин Муҳаммадиев. – Бу уларнинг турли препаратларга бўлган талабини оширади. Корхонамизда кимёвий-фармацевтик ва иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жорий йилда маҳсулотларимизни экспорт қилиш йўлга қўйилди. 2016 йилдан чорва ва паррандаларга мўлжалланган, Марказий Осиёда ягона янги турдаги иммунобиологик қўшимчалар ишлаб чиқаришни мўлжалламоқдамиз.

Халқаро форумда паррандани озиқлантириш, касалликларга қарши курашиш, наслчилик ишларини яхшилаш, соҳага замонавий технологияларни кенг жалб этишга бағишланган маърузалар тингланди.