Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 21:44 Чоп этиш версияси

Озиқ-овқат саноати учун истиқболли лойиҳалар

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини мақбуллаштириш белгиланган. Унга кўра, жорий йилда пахта майдонларини 49 минг, ғалла майдонларини 10 минг гектарга қисқартириш мўлжалланмоқда. Бўшаган ерларда картошка, сабзавот, озуқа ва мойли экинлар етиштирилади.

Бу ва бошқа қатор янгиликлар ҳақида Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган брифингда маълумот берилди.

– 2017-2018 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини ташкил этишни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги дастур доирасида мамлакатимизда 740,1 миллион доллар қийматга тенг 434 лойиҳа амалга оширилади, – дейди Иқтисодиёт вазирлигининг қайта ишлаш саноати ва озиқ-овқат бўлими бошлиғи Шаҳобиддин Ортиқов. – Мазкур лойиҳалар доирасида сутни қайта ишлаш, хусусан, болалар таомлари ишлаб чиқариш борасида Россия билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини ошириш, янги етиштирилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун янги совутиш камералари қурилади. Ғиждувон, Амударё, Элликқаъла туманларида қайта ишлаш корхоналари барпо этилади. Термизда эса йирик логистика маркази ташкил этилади.

Дастурда мева-сабзавотни қайта ишлашни янада ривожлантириш, ички истеъмол бозорини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига тўлдириш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш, бирламчи қайта ишлаш ва экспорти билан шуғулланувчи ўндан зиёд савдо-логистика маркази ташкил этилади.

Соҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, логистика ва экспорт қилиш инфратузилмасини яратиш доимий эътиборда. Шу мақсадда тижорат банклари орқали Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтларининг йирик миқдордаги имтиёзли кредитларини жалб этиш мўлжалланмоқда.

Брифингда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 986






Все о погоде - Pogoda.uz