Осойишта юртнинг обод бозорлари
Ҳали пишиқчилик мавсумига бир мунча вақт бўлса-да, бозорларимиздаги мўл-кўлчиликни кўриб кўзингиз қувнайди. Янги сабзи, пиёз, картошка, карам чиққанига анча бўлди. Қулупнаю гилос бозор расталарини тўлдирди.
Ҳали пишиқчилик мавсумига бир мунча вақт бўлса-да, бозорларимиздаги мўл-кўлчиликни кўриб кўзингиз қувнайди. Янги сабзи, пиёз, картошка, карам чиққанига анча бўлди. Қулупнаю гилос бозор расталарини тўлдирди.– Яқинда қизимни узатаяпман. Ош учун янги сабзи олдим. Тиллодай ялтираб турибди. Рўзғор учун қизилидан ҳам олдим, – дейди “Қўйлиқ деҳқон бозори”да харид қилаётган Ботир Жамолов. – Олма, ноклар ҳам жуда яхши сақланган, нархи ҳам ёздагидек.
– Ўғлимни шифокорга олиб боргандим, дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган турли салатлар болалар соғлиғи учун фойдали эканини айтди, – дейди яна бир харидор Лола Барноева. – Оила аъзоларимиз билан турли ловияли салатлар, мош солинган суюқ овқатларни хуш кўриб истеъмол қиламиз. Уларнинг баҳоси ҳам қиммат эмас.
“Қўйлиқ деҳқон бозори” расталарини оралаб, усти ёпиқ павильонига кирар экансиз, бу ерда сут, гўшт, тухум маҳсулотлари ва турли ширинликлар, хуллас, кундалик турмуш учун зарур бўлган барча нарсалар муҳайё эканини кўриб қувонасиз. Расталардаги гўшт нархи 23-24 минг сўм атрофида. Қассобларнинг қўли-қўлига тегмайди.
– Доимо шу ердан гўшт харид қиламан, – дейди бектемирлик Аҳрор Жумаев. – Нарх анчадан буён бир меъёрда тургани бизни қониқтиради, гўшт тоза ва сифатли.
Ҳа, бозордаги мўл-кўлчилик ва нархларнинг арзонлигидан барча мамнун. Авваллари қишдан силласи қуриб чиққан аҳоли айни баҳор даврни “илик узилди” дея таърифлаган. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида бу ибора эсимиздан чиқиб, тилдан қолиб бормоқда. Боиси қишлоқ хўжалиги тизимидаги серқирра ўзгаришлар жараёнида бозорларимиз тўрт фаслда ҳам сархил мева-сабзавотлар билан тўлдирилмоқда.
“Чорсу деҳқон бозори”да одатдагидек одам кўп. Унинг дарвозаларидан кириб-чиқаётганларнинг кети узилмайди. Маҳсулотлар сифатини назорат қилиш мақсадида лаборатория ишлаб турибди. Доимий арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркасида деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари харидорларга маъқул нархларда сотилмоқда. Савдо расталари кенг, баланд ва баҳаво айвонлар остида жойлашганлиги бу ердагиларни ёзнинг иссиғию қишнинг ёғин-сочинидан ҳимоя қилади. Уйда таом ва ширинликлар тайёрлаб сотадиган пазандалар учун алоҳида расталар ажратилган.
– Бу ердагидек мазали сомсаю норинни ҳеч қаерда емаганман, – дейди олмазорлик Нарзулла Қувондиқов. – Бозорлик қилиш учун келганимда сомса ҳам харид қиламан.
Бозор – юрт кўрки, тўкинчилик кўргазмаси, деб бежизга айтилмайди. Мева-сабзавот расталарини оралаган киши юртимизнинг узумзору боғларида, ҳосилдор пайкалларида сайр қилаётгандек сезади ўзини. Ҳунармандлик, новвойлик каби расталар оралаб қўли гул, меҳнати ҳалол халқимизга таҳсинлар айтсак арзийди.