Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 18:03 Чоп этиш версияси

«Osiyo batareya»нинг харидоргир маҳсулотлари

«Osiyo batareya»нинг харидоргир маҳсулотлари Яқинда Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида ўтказилган бизнес-форумда пойтахтимиздаги «Osiyo batareya» қўшма корхонаси ҳам маҳсулотлари билан иштирок этганди.

– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган замонавий қурилиш маҳсулотлари бизнес-форум иштирокчиларида қизиқиш уйғотди, – дейди корхонанинг маркетинг бошқармаси бошлиғи Бекзод Ҳамидхўжаев. – Ҳамкорлик борасида Қозоғистондаги тўртта йирик ташкилот билан келишувга эришилди. Келгусида бу борадаги имкониятларимиз янада кенгайиши шубҳасиз.

2000 йилдан буён фаолият юритаётган «Osiyo batareya» қўшма корхонасида маҳаллийлаштириш дастури доирасида рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда. Дастурга киритилган корхоналарга берилаётган имтиёзлар, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, хомашёнинг божхона ҳамда солиқ тўловларидан озод этилгани ютуқлар омили бўлмоқда.

Корхонада 2002 йилда енгил, юк ва бошқа автоуловлар учун аккумулятор батареялар тайёрлаш йўлга қўйилган эди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга 2,5 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди.

– Фаолиятимизни янада ривожлантириш мақсадида олиб борилган маркетинг изланишлари Ўзбекистонда полимер маҳсулотлари юқори нархда импорт қилинишини кўрсатди, – дейди Б.Ҳамидхўжаев. – Бу йўналишда янги лойиҳалар тайёрланди. 2005 йилдан «Asia Plast» савдо белгиси билан рандом сополимер хомашёсидан қувур ҳамда фитинглар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Иссиқ ва совуқ сув, иссиқлик ва канализация тизимларига мўлжалланган маҳсулотларимиз юқори ҳароратга чидамли бўлиш билан бирга турли хил кимёвий, ишқорий таъсирларга ҳам бардошли.

Пластик қувурларнинг узоқ йилларга мўлжалланганлиги, арзонлиги, сифати юқорилиги кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Талабнинг ортиши эса корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини оширишга замин яратди, маҳсулотлар тури ва ҳажми ортмоқда. 2008 йилда корхонада 50 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, бугунги кунда 300 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

Корхонада замонавий технологияларга таянган ҳолда, импорт ўрнини босувчи, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида янги лойиҳалар тайёрланмоқда.

Сайёра Шоева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 708






Все о погоде - Pogoda.uz