Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 18:20 Чоп этиш версияси

Осиё тараққиёт банки ва «InFin Bank» ўртасида битим имзоланди

Тошкентда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда «Invest Finance Bank» («InFin Bank») ўртасида савдо-сотиқ йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик изчил ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда ҳамкорликдаги қарийб 60 лойиҳани молиялаштириш учун банкнинг 6 миллиард доллардан кўпроқ маблағи жалб қилинган.

Шу йил март ойида Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао раҳбарлигидаги ОТБ делегациясининг мамлакатимизга қилган ташрифи чоғида сув таъминоти, йўл қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда мева-сабзавотчилик соҳаларини ривожлантириш бўйича банкнинг 573 миллион долларлик маблағини жалб қилиш бўйича тўртта битим имзоланган.

Осиё тараққиёт банки савдони молиялаштириш дастури орқали мамлакатимиздаги тижорат банклари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Дастур доирасида Ўзбекистонда савдони қўллаб-қувватлаш мақсадида қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик 467 битим молиялаштирилган бўлиб, уларнинг 46 фоизи кичик бизнес субъектлари иштирокидаги шартномалар ҳисобланади.

Шу пайтга қадар савдони молиялаштириш дастурини амалга оширишда ОТБ мамлакатимизнинг «Асака», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ҳамкорбанк», «Ипак йўли банк» сингари молия идоралари билан ҳамкорлик қилиб келаётган бўлса, эндиликда «InFin Bank» ҳам ушбу дастурда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

– Осиё тараққиёт банкининг савдони молиялаштириш дастурига қўшилиш бизга мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда янада фаол иштирок этиш имконини беради, – дейди «InFin Bank» бошқаруви раиси З.Абдуллаев. – Бу эса миллий иқтисодиётнинг изчил тараққий этиши, аҳоли турмуш фаровонлиги даражасининг ортишига хизмат қилади.

ОТБнинг савдони молиялаштириш дастури Осиё қитъасидаги 200 дан зиёд ҳамкор банкка савдони қўллаб-қувватлаш учун кафолат ва кредитлар беради. Дастурнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида минтақадаги савдо-сотиқ алоқаларининг мустаҳкамланиши, хусусан, экспорт-импорт амалиётлари ривожланишида мазкур молиявий механизмнинг аҳамияти тобора ошмоқда. 2009 йилдан бери Осиё минтақасида дастур доирасида 9 минг 200 дан зиёд корхонага 26 миллиард долларга яқин молиявий ёрдам кўрсатилган.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 138






Все о погоде - Pogoda.uz