ЎзА Ўзбек

07.07.2019 19:44 Чоп этиш версияси

Осиё инфратузилма инвестициялари банки йиғилишида Ўзбекистон делегацияси иштирок этади

Осиё инфратузилма инвестициялари банки йиғилишида  Ўзбекистон делегацияси иштирок этади

2019 йил 11-13 июлда Люксембург шаҳрида Осиё инфратузилма инвестициялари банки Бошқарув кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Йиғилиш доирасида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш барқарор тизимини яратишга қаратилган халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, аъзо-мамлакатлар олдида турган муаммолар ва вазифалар муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умирзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси йиғилишнинг асосий тадбири – Осиё инвестиция форуми ишида ҳам қатнашади. Анжуманда мамлакатлараро инфратузилма инвестициялари ҳамда Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинади. Форумда Италия, Хитой ва Покистондан Осиё инфратузилма инвестициялари банки​ бошқарувчилари ҳамда банк раҳбарияти қатнашиши кутилмоқда.

Мамлакатимиз делегацияси анжуманнинг асосий амалий дастурида иштирок этиш билан бир қаторда, Ўзбекистон бўйича алоҳида ялпи сессия ўтказишни режалаштирган. Мазкур тадбир мамлакатимизнинг инфратузилмавий ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича ишлар ва инвестицион жозибадорлигини ёритиб беришга, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг ҳақиқий моҳиятини акс эттиришга бағишланади.

Форум доирасида Ўзбекистон делегациясининг аъзо-мамлакатлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлари ҳам назарда тутилган. 

Эслатиб ўтамиз, Осиё инфратузилма инвестициялари банки 2014 йилда ташкил этилган халқаро молиявий ташкилотдир. Банкнинг асосий мақсадлари–Осиё-Тинч океани минтақасининг ривожланиши ва иқтисодий интеграциясига кўмаклашиш, шунингдек молиявий ҳамкорликни рағбатлантириш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришдан иборат. Ўзбекистон 2014 йилнинг октябридан бери яъни ОИИБ ташкил топган пайтдан бошлаб унинг аъзосидир. Банк устав капитали 100 млрд. долларн. Банкнинг энг йирик акциядорлари–Хитой(26,06%), Ҳиндистон (7,5%) ва Россия (6,54%) ҳисобланади

ЎзА
3 462