ЎзА Ўзбек

25.08.2018 19:30 Чоп этиш версияси

Оролбўйи ҳудудида янги қувватлар ишга туширилмоқда

Оролбўйи ҳудудида янги қувватлар ишга туширилмоқда
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикасида қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда бу ҳудудда яшаётган аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу сабабли Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жамият томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилиб, тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

Мазкур манзилли рўйхатга кўра, Амударё туманида “Amudaryo maxsus qurulish” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 68,8 минг долларлик (шундан, 18,8 минг доллар ўз маблағи ва 50,0 минг доллар банк кредити) лойиҳа жорий йилнинг июнь ойида ишга туширилиши натижасида темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш қуввати 5 минг куб метрга оширилди ва 6 та қўшимча иш ўринлари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу корхона томонидан 25 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. 

ZkE02Y4K5fneZMDRht9HOdRULhnLJJib.jpg

Кегейли туманида “Халқабад инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 125,0 минг доллар (шундан, 31,0 минг доллар ўз маблағи ва 94,0 минг доллар банк кредити) бўлган ва йилига пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни 2 миллион донага кенгайтириш лойиҳаси жорий йилнинг июль ойида амалга оширилиб, 20 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

Ишга туширилган қувватлар натижасида бугунги кунда нафақат Амударё ва Кегейли туманлари, балки қўшни туманлар аҳолисига ҳамда арзон намунавий уй-жойлар қураётган тадбиркорлик субъектларига сифатли темир-бетон маҳсулотлари ва ғишт етказиб берилмоқда.

Жорий йилнинг якунига қадар Қорақалпоғистон Республикасида қатор ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

bazzel_z.png

Қораўзак туманида цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги қувват улардан бири. “Қарақалпақ цемент” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 9 миллион 375 минг доллар ўз маблағи ўзлаштирилиши натижасида бу ерда йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Жорий йил якунига қадар ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу корхонада 200 та иш ўрни яратилади.

– Албатта, бу каби янгилик ва ўзгаришлар халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан қувонарлидир, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ташкилий тузилмасидаги “ҚурилишматериаллариЛИТИ” МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими мутахассиси Маҳмуд Пирниязов. – Бу борада биргина қурилиш саноати равнақига аҳамият берадиган бўлсак, тизимдаги янги корхоналар ва улар томонидан сифатли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу сабабли жамият томонидан саноатнинг бошқа тармоқ корхоналари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи янги қувватларни Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида ҳам ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Қораўзак туманида “Титан цемент” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 37,8 миллион доллар (шундан 18 миллион доллар ўз маблағи, 16,8 миллион доллар банк кредити ва 3 миллион доллар хорижий инвестиция) ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа жорий йил якунига қадар ишга туширилиши натижасида 140 та янги иш ўрни вужудга келади. Ҳозир бу ерда ишлаб чиқилган қурилиш лойиҳаси бўйича цемент заводига юқори босимли алоҳида газ қувурлари тортиш, цемент қадоқлаш учун бино қуриш, хорижда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда ва электр таъминоти учун юқори кучланишдаги подстанциясидан электр кабели тортилмоқда. Корхонада келгусида цемент ишлаб чиқариш қувватини йилига 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилиши ҳам изланаётган имкониятлар самарасидир.

Оҳак ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувват Қораўзак туманидаги учинчи лойиҳадир. Тумандаги “Дайпласт Нукус” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 7 миллион 875 минг доллар банк кредит маблағлари ўзлаштирилиши эвазига йилига 150 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши натижасида 146 та янги иш ўрни яратилади. Айни чоғда лойиҳа бўйича хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан 4 миллион 102 минг АҚШ долларига аккредитив очилган. Бу ерда қурилиш монтаж ишлари бошланган. 

– Оролбўйидаги яна иккита янги қувватлар лойиҳаси Тахиатош тумани ҳудудида амалга оширилмоқда – деди Маҳмуд Пирниязов. – Улардан бири “Тау Кита” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 5 миллион 500 минг доллар ўз маблағи ҳисобига йилига 250 минг куб метр темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси жорий йилнинг якунига қадар ишга туширилиши белгиланган. Шунингдек, “Олмалиқ кон- металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан туманда қиймати 5 миллион 500 минг доллар миқдоридаги ўз маблағи ҳисобидан йиллик қуввати 250 минг куб метр темир бетон маҳсулотлари ва мўрт (инерт) материаллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси келгуси йилда амалга оширилиши мўлжалланган. Мазкур янги қувват ишга туширилиши натижасида яна 105 та иш ўрни вужудга келади.

Мухтасар айтганда, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг бу каби улкан режаларидан мақсад аён: бу халқимизга маҳаллий хом ашёдан қурилиш материаллари етказиб бериш ва жамият ҳаётида муҳим бўлган бандлик масаласини таъминлашга ҳисса қўшишдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 080