Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 18:23 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда ёш тадбиркор ва фермерлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёш тадбиркор ва фермерлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Кегейли, Қораўзак, Тахтакўпир ва Чимбой туманларида фаолият олиб бораётган ёш тадбиркорлар, фермерлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлоднинг замонавий таълим-тарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбир доирасида тегишли вазирликлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликка айлантириш борасида учраётган муаммолар, ёшларни ўйлантираётган долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.

– Ўз бизнесимни бошлаш учун ер олиб, хусусий дорихона ташкил этишни мақсад қилгандим, – дейди чимбойлик Гулбаҳор Жўломонова. – Анчадан бери ечими чўзилиб келаётган ушбу мурожаатим бугунги сайёр қабулда ҳал бўлди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маҳаллалардаги биз каби уюшмаган ёшларнинг ҳам дардини эшитаётгани, ҳаётда муносиб ўрин топишимизга кўмаклашаётганидан ҳурсандмиз.

Мулоқотда турли ҳудудлардан келган ёш тадбиркор ва фермерларнинг таклифларини, уларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Элликқалъа туманида ҳам шундай учрашув ўтказилиб, унда Беруний, Тўрткўл, Амударё туманларидаги ёш фермер ва тадбиркорлар иштирок этди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
2 174






Все о погоде - Pogoda.uz