ЎзА Ўзбек

20.07.2020 Чоп этиш версияси

Олти ойда салкам 5 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига ҳисоб-китоб қилинди

Олти ойда салкам 5 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига ҳисоб-китоб қилинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ички бозорларда сотилаётган товарларнинг нарх-навосини асоссиз оширилишини олдини олиш шунингдек, сотилаётган товар ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда нархи жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Ўрганишлар давомида аниқланган мавжуд муаммолар юзасидан тегишли ваколатли давлат органларига таклифлар киритилди.

Бундан ташқари, федерация томонидан ҳар бир туман (шаҳар) кесимида алоҳида ишчи гуруҳ шакллантириш орқали жамоатчилик назорати тартибида мониторинг (кузатув-ўрганиш) ҳам ўтказиб келинмоқда ва кунлик маълумотлар Федерация марказий аппарати томонидан умумлаштирилган ҳолда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига, Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига,шунингдек, ОАВларга тақдим этиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг якунланган 6 ойи давомида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман, шаҳар жамиятларига фуқаро (истеъмолчи)лардан жами 3820та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 2256 таси оғзаки, 856 таси ёзма, 708таси эса электрон шаклда юборилган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияга келиб тушган 708 та электрон мурожаатнинг 606 таси «Президентга мурожаат портали», 97таси ягона Давлат интерактив портали орқали Бош прокуратура томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун йўлланган.

Мазкур ариза ва шикоятларнинг 3289 таси яъни, 86,5 % ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 4 659 567 880 (тўрт миллиард олти юз эллик тўққиз миллион беш юз олтмиш етти минг саккиз юз саксон) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан, истеъмолчилардан тушган 13 та мурожаат асосида истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 170 944 266 (бир юз етмиш миллион тўққиз юз қирқ тўрт минг икки юз олтмиш олти) сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Бундан ташқари, Федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан, истеъмолчилардан тушган жами 22 та мурожаат юзасидан уларнинг қонуний манфаатларини кўзлаб, назорат органларига тегишли мурожаатлар йўлланиб, ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 11 065 000 (ўн бир миллион олтмиш беш минг) сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди

2020 йилнинг 2-чораги давомида Федерация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг 1761 таси (46,1%)савдо соҳасига, 309 таси (8,1%) газ таъминоти соҳасига, 429 таси (11,2%) электр таъминоти соҳасига, 182 таси (4,8%) сув таъминоти соҳасига, 155 таси (4,1%) коммунал хизмат соҳасига, 37 таси (1,0%) соғлиқни сақлаш соҳасига, 186 таси (4,9%) хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига, 65 таси (1,7%) транспорт соҳасига, 139 таси (3,6%) алоқа (ва интернет) соҳасига, 724 таси (19,0%) эса бошқа соҳаларга тўғри келишини кўришимиз мумкин.

Федерация тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига фуқаролар томонидан ҳисобот даврида жами 1323 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб ушбу мурожаатларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 1276 таси ижобий ҳал этилишига эришилди.

Мазкур ижобий ҳал қилинган мурожаатлар натижасида 1 938 995 749 (бир миллиард тўққиз юз ўттиз саккиз миллион тўққиз юз тўқсон беш минг етти юз қирқ тўққиз) сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган.

Бугунги кунда фуқароларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида уларнинг тегишли мурожаатлари Федерация тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони, Федерациянинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратуранинг электрон дастури (crm.trask.uz) ҳамда Президентга мурожаат портали орқали қабул қилиб келинмоқда. Бунда фуқаро (истеъмолчи)лар реал вақт режимида мурожаатларини қолдиришлари мумкин.

Ўзбекистон истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси
Матбуот хизмати

7 525
ЎзА