Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 15:25 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Молия вазирлиги ҳисоботи тингланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисоботи тингланди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари ҳисобот даврида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3, саноат ҳажми 4,1, қишлоқ хўжалиги ҳажми 3,5, хизматлар ҳажми 6,4 фоизга ўсиши кузатилганига эътибор қаратди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари 105,6 фоизга ўсди. Бу эса ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратди.

Фракция аъзолари масаланинг ушбу жиҳатларига тўхталиб, мамлакатда тадбиркорлик субъектларининг кўпайиши давлат бюджетининг мустаҳкамланиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.

Истеъмол товарлари соҳасида 63 лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Улар ҳисобига ҳар йили 140,7 минг тонна мева-сабзавот ва 10,2 минг тонна гўшт-сут маҳсулотларининг қайта ишланиши таъминланади. Тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига йирик миқдорда инвестициялар жалб қилиниб, 3 янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхонаси ишга туширилди. Уларда мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси депутатлари асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 19 триллион 410 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат бюджетининг марказлашган инвестициялар маблағлари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ишларига жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида 2 триллион 450 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокамаси ҳам фракция аъзоларининг эътиборидан четда қолмади. Мамлакатимиз бу борада улкан потенциалга эга эканлиги, бугунги кунда ушбу соҳада 3,6 миллиондан ортиқ ишчи ва хизматчи меҳнат қилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда хом ашёни қайта ишлаш, уни тайёр экспортбоп маҳсулот ҳолатига келтириш бўйича давлатимиз томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари доирасида 285 минг 400 иш ўрни яратилганлиги қайд этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 657






Все о погоде - Pogoda.uz