ЎзА Ўзбек

10.03.2019 Чоп этиш версияси

Олис қишлоқ – Яссикечувда тикувчилик цехи иш бошлади

Олис қишлоқ – Яссикечувда тикувчилик цехи иш бошлади

Нурота тоғларининг жанубий ёнбағирларидаги лалми адирлар қўйнидаги Яссикечув қишлоғи Жиззах вилоятининг энг олис ҳудудларидан ҳисобланади. 

Вилоят марказидан 130, туман марказидан 30 километр узоқда жойлашган ушбу қишлоқнинг муаммоларидан бири аҳолининг ишсизлиги ҳисобланади.

Шу қишлоқда туғилиб ўсган Мафтуна Турғунбоева ўзининг тикувчилик цехини очиб, ҳамқишлоқларидан 10 нафарни иш билан таъминлади. Қишлоқдаги коллежни битирган Мафтуна Турғунбоева Тошкент вилояти Зангиота туманидаги тикув цехида икки йил ишлаб, кийим-кечак тикиш сирларини ўрганиб келди. Бу ишни ўз қишлоғида йўлга қўймоқчи бўлди. Бироқ, тикув цехи учун жой, тикув машиналари учун маблағ керак эди.

Туман хокими Абдували Мустоновнинг қишлоқ аҳли билан ўтказган учрашувида Мафтуна ўзининг бу ниятини айтиб, кўмак сўради. Ҳоким бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, муаммони шу жойнинг ўзида ҳал этди. Ҳудуддаги Қораабдол қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг бўш биносини 10 дона тикув машинаси билан унинг ихтиёрига берди.

Шундай қилиб, Мафтуна маҳалланинг 10 нафар тикувчиликка ихлосманд қизларини ёнига олиб, ишни бошлаб юборди. У шогирдларига трикотаж матолардан эркаклар ва аёлларга мўлжалланган спорт кийимлари, турли ўлчамдаги кўйлаклар, келинлик либослари тикишни ўргатишга киришди.

– Туман хокими, секторлар раҳбарлари олис қишлоқлардаги ижтимоий, иқтисодий муаммоларни ҳал этишда хотин-қизлар учун иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратаётир, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Исмоилова. – Ўтган йили туманимизда хотин-қизлар учун 2 минг 209 та янги иш ўринлари яратилди. Улардан 200 нафарга яқини Яссикечув каби чекка ҳудудларда ташкил этилган кичик корхона ва цехларда иш билан таъминланди. Жорий йилда ҳам олис қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш бўйича кичик лойиҳаларни амалга оширишга, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилаётир.

7 985
Тошқул Бекназаров, ЎзА