Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 16:57 Чоп этиш версияси

Шу касбнинг ортидан рўзғоримиз обод бўлди, фарзандларимнинг камолини кўряпман

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 2-Чарх Камолон маҳалласи файзли масканлардан. Эрта тонгдан маҳалланинг бошидаги хонадондан таралаётган ноннинг хушбўй ҳиди димоғингизга урилади. Шинам, обод хонадонга кириб боришингиз билан бу ердаги саранжом-саришталикни, оила аъзоларининг ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан бир-бирига муомала қилишини кўриб дилингиз яйрайди.

Бундан ўн етти йил муқаддам ушбу хонадон бошига оғир мусибат тушди. Кузнинг сўнгги ойларида Умида Одилованинг турмуш ўртоғи Рихсибой Одилов бахтсиз тасодиф туфайли оламдан ўтди. Оиладаги тўрт фарзанднинг тўнғичи ҳали саккизинчи синфни ҳам тамомламаган ўша вақтларда фарзандларини камолга етказиш, уларни катта қилиш, келажакда касбли инсон қилиб вояга етказиш уй бекаси Умида опанинг зиммасида қолди.

Ана шундай мусибатли кунларда қариндош-уруғ, айниқса, маҳалладошлар Умида опани ёлғизлатиб қўймади. Меҳр-оқибатли, саховатли инсонлар унга суянч бўлди, ҳар томонлама кўмаклашиб, қўллаб-қувватлади.

Умида Одилова фарзандларини камолга етказиш, оилани моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилди. Аввалига якка тартибдаги тадбиркор сифатида банкдан имтиёзли кредит олиб, кичик бир савдо дўкони очди. Ундан сўнг ширинликлар ишлаб чиқаришни, кейинчалик оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, новвойхонани ишга туширди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган оилалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

– Фарзандларимга бош бўлиб, ота-боболаримдан мерос новвойлик касбини давом эттириб кам бўлмадик, – дейди У.Одилова. – Тўрт ўғлим ва уч келиним билан ҳамжиҳатликда ишлаяпмиз. Ўғилларим эрта тонгдан туриб хамир қоради, келинларим уларга кўмаклашади. Нон тайёрлаш ва эл дастурхонига тортиқ қилишнинг гашти ўзгача. Шу касбнинг орқасидан рўзғоримиз обод бўлди. Фарзандларимни вояга етказдим. Уларни ўқитиб, уйли-жойли қилдим. Шукрки, уларнинг камолини кўряпман, орзу-ҳавасларимиз рўёбга чиқмоқда. Президентимиз раҳнамолигида хусусий ва оилавий тадбиркорликка кенг йўл очилгани бизни янада руҳлантирди.

– Маҳалламизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланадиган ўндан зиёд хонадон бор, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Ғиёсов. – Маҳалламиз ҳудуди кейинги йилларда янада чирой очиб, тобора замонавий қиёфа касб этмоқда. Бунда оилавий тадбиркорлик субъектларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 254






Все о погоде - Pogoda.uz