ЎзА Ўзбек

18.05.2020 Чоп этиш версияси

Норасмий меҳнат бозорининг аччиқ ҳақиқатлари

Норасмий меҳнат бозорининг аччиқ ҳақиқатлари
ЁХУД ПАНДЕМИЯДАН КЕЙИНГИ МЕҲНАТ БОЗОРИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Коронавирус пандемияси бутун инсониятни жиддий синовдан ўтказмоқда. Бошқача сўз билан айтганда, у дунё давлатлари ва аҳолисининг қатор “нуқсонлари”ни кўзгуда акс эттириб берди. Хусусан, мавжуд норасмий меҳнат бозор(лар)ининг биз аввалдан билган ва билмаган салбий жиҳатлари пандемия шароитида бошқача ракурсда намоён бўлиб, аксарият мамлакатлар амалда улар келтириб чиқарган оғриқли муаммоларни бартараф этишга тайёр эмаслигини кўрсатди.

Афсуски, Ўзбекистон Республикасида ҳам ноформал секторда банд бўлганлар сонининг юқори экани (13,5 миллион меҳнат қилаётган аҳолидан 60 фоизи, яъни 8.1 миллион аҳоли норасмий иш билан банд) карантин шароитида ҳукуматимизни айрим масалаларни ҳал этишда мушкул аҳволга қўйгани сир эмас. Батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган танг ҳолатда турли давлатлар ўз аҳолисини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ҳар хил усул ва воситаларидан фойдаланмоқда. Жумладан, айрим давлатлар (Япония, АҚШ) аҳолига ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тўғридан-тўғри тўлов ажратиш бўйича чораларни кўрмоқда. Республикамизда эса карантин шароитида давлат томонидан аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож қатламига тўғридан-тўғри пул маблағларини йўналтириш таклифи маъқулланмагани бир неча омиллар:

энг аввало, норасмий иш билан банд бўлганлар сонининг юқорилиги карантин шароитида ҳақиқий ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни аниқлаш ва ажратиб олиш имконини бермаслиги ёки жуда узоқ давом этадиган жараён экани (Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг онлайн суҳбати);

иккинчидан, мамлакатда ноформал сектор улушининг юқорилиги сабабли амалда аҳоли қўлидаги мавжуд пул маблағлари юзасидан аниқ маълумот айтиш қийин бўлган вазиятда давлат томонидан пандемия шароитида аҳолини моддий жиҳатдан рағбатлантириш мақсадида тўғридан-тўғри пул маблағларини йўналтириш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида иқтисодчиларнинг якдил фикри мавжуд эмаслиги;

учинчидан, давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, ушбу жараёнда коррупция иллати авж олиши эҳтимоли ҳам юқори эканлиги билан боғлиқдир.

Шу сабабли, аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож қатламига ҳукуматимиз қарори билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали ёрдам бериш ҳақида тўхтамга келинди. Тўғри, меҳр-саҳоватли, оқибатли халқимизнинг бирдамлиги ва қўллаб-қувватлови билан давлатимиз ушбу қийин дамларни ортда қолдиришидан умидвормиз. Бироқ, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, нафақат ўз фаолияти юзасидан расмий ҳисоб бермасдан, балки ходимлари билан ҳам норасмий меҳнат муносабатларига кириш орқали иқтисодиётнинг “ноформал сектори имкониятлари”дан унумли фойдаланаётганлар бу каби иш услуби (Work Style)дан онгли равишда воз кечиш вақти келганлигини тушуниб етишлари зарур.

Шу ўринда, норасмий меҳнат бозорининг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсири хусусида батафсил мулоҳаза юритсак. Маълумки, давлатнинг иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлишида меҳнат унумдорлиги (Labor Productivity) фактори муҳим ўрин тутади. Буни бир қатор ривожланган мамлакатлар (Япония, Сингапур) мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, Сингапурнинг биринчи Бош вазири Ли Куан Ю худди Сингапур сингари табиий захираларга эга бўлмаган орол мамлакат Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин қандай қилиб ўзини тиклагани, мамлакатни қайта қургани ва иқтисодий кучга айланганини кузата туриб қуйидаги хулосаларга келган эди.

Биринчи, (японлар) хоҳ ошпаз, хоҳ официант ёки меҳмонхона ходимаси бўлсин, уларнинг ўз ишларидан ғурурланиши ва ўзларига берилган вазифаларни бажаришда устунликка эришиш иштиёқи юқори маҳсулдорликни ҳамда ишлаб чиқаришда нуқсонли маҳсулотларнинг нолга яқинлигини таъминлайди.

Иккинчи, мен японлардан ишчи-менеджер ҳамкорлиги орқали самарадорликни оширишнинг муҳимлигини, инсон ресурсларини ривожлантиришнинг ҳақиқий маъносини ўргандим (У Япониядан агар бошқа ресурслар мавжуд бўлмаса, инсон ресурсларини ривожлантириш кераклигини ўрганганини назарда тутмоқда).

Учинчи, (японлар) дунё бўйлаб рақобатлашиш учун ўз саноат тармоқларида энг илғор технологияларни жорий қилишга киришишди. Менда энг кўп таассурот қолдирган нарса уларнинг ушбу машиналарда ишлайдиган ва компанияни бошқарадиган одамларга сармоя киритишга урғу беришлари бўлди.

Тўртинчи, ҳар қандай корхонанинг асосий кучи унинг одамларига бориб тақалади. Шундай қилиб, улар умрбод ишлайдиган ишчиларига сармоя киритишди (Гарчи Ли ушбу ёндашувга амал қилишга ҳаракат қилган бўлса-да, Сингапурда кўпгина катта трансмиллий компанияларнинг мавжудлиги (бир жойда) умрбод ишлаш (life-long employment) имконини бермаслиги сабабли, у бу ёндашувдан воз кечишга мажбур бўлган).

Бешинчи, японларнинг жамоавий бирдамлиги, интизоми, меҳнатсеварлиги ва ўзларининг миллати учун қурбон бўлишга тайёрлиги уларни улкан ва маҳсулдор кучга айлантирди.

Афсуски, ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари назар-писанд қилинмайдиган норасмий меҳнат бозори “гуркураб яшнаган” ҳар қандай давлатда меҳнат унумдорлиги ҳам “ҳаминқадар” бўлиши табиийдир.

Дарҳақиқат, иш ва дам олиш вақтлари аниқ белгиланмаган, меҳнат таътили деган тушунча сўз бойлигидан ўчиб кетган, барқарор иш ҳақига эга бўлмаган ва бошқа қатор муаммолар (санасак, уларнинг қатори узун) гирдобида қолган “норасмий ходим”нинг меҳнати самарали бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Дарвоқе, инсон ресурслари миллий бойлик (Human Resources are a National Treasure)дир. Бу бугун биз Ўзбекистонимизни улар қаторида кўришни истаётган Япония ва Сингапур каби иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларнинг хулосасидир. Ушбу бойликдан тўғри фойдаланиш бошқа ресурслари мавжуд бўлмаган юқоридаги каби мамлакатларни дунёнинг ривожланган давлатларига айлантирган бўлса, табиий ресурслар ва бошқа қатор имкониятларга бой она юртимизни уларданда иқтисодий юксакликка олиб чиқишига ишончимиз комил.

Бош вазир Ли Япония Маҳсулдорлик маркази (JPC) асосчиси Коҳей Гоши илгари сурган “маҳсулдорликнинг 3 тамойили”, яъни (1) бандликни таъминлаш ва кенгайтириш; (2) ишчилар ва менеджерлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар ҳамда ўзаро маслаҳатлашувлар; шунингдек, (3) натижаларни адолатли тақсимлаш тамойилларига эътиборини қаратган эди. Мазкур тамойилларнинг мазмун-моҳиятини барчамиз яхши тушунсак-да, учинчи тамойилга қисқача тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. Натижаларни адолатли тақсимлаш мамлакатлар учун даромадларнинг тақсимланиши нуқтаи назаридан адолатли жамият қуриш ҳамда иқтисодий тараққиётга салбий таъсир қиладиган меҳнат можароларининг олдини олиш имконини беради. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўз меҳнати натижаси муносиб баҳоланишини, даромадлар адолатли тақсимланишини, меҳнатидан манфаат кўришни хоҳлайди. Ваҳоланки, норасмий меҳнат бозори авж олган жамиятда даромадларнинг адолатли тақсимланиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда энг камида давлатнинг манфаати оёқ ости қилинади.

Шу ўринда, норасмий секторнинг меҳнат бозоридаги ҳақиқий улушини инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, бугун ноформал иш билан банд аҳолининг катта тоифасини меҳнат бозорида асосан паст рақобатбардошликка эга бўлган ишловчилар, яъни ёшлар, нафақа ёшидагилар, тугалланмаган маълумотга эга бўлганлар ҳамда муайян мутахассисликка эга бўлмаган шахслар ташкил этади. Шу муносабат билан, коронавирус пандемиясидан кейинги даврларда мазкур қатламнинг ижтимоий бандлиги муаммоси янада ортишини инобатга олиб, норасмий меҳнат бозоридаги энг фаол фаолият турларини алоҳида аниқлаб, ушбу йўналишларни давлат томонидан легаллаштирилишида имтиёзлар тизимини яратиш жоиздир. Мазкур тартибни амалга оширишда давлат томонидан норасмий меҳнат бозоридаги барча фаолият турларига нисбатан муносабат индивидуал характерли бўлиши лозим. Айтмоқчимизки, ҳар бир фаолият турига нисбатан имтиёзлар, енгилликлар тизими ҳамда жавобгарлик чоралари алоҳида-алоҳида татбиқ қилиниши зарур. Бунда бир тарафдан мамлакатда яширин иқтисодиётнинг салмоғи камайишига эришилса, иккинчи тарафдан норасмий секторда банд бўлган аҳолининг фаолияти қонунийлаштирилиб, ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳақидаги реал кўрсаткичларни аниқлаш имконияти юзага келади. Қолаверса, келгусида ушбу жабҳада банд бўлган аҳолининг ўз фаолиятини амалга оширишидаги стихияли қийинчиликлар камайишига эришилади. Шу мақсадларни инобатга олган ҳолда ҳозирданоқ тадбиркорлик субъектларини, айниқса йирик тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим. Бу масалада қатор инвестицион битимларни тузишга эришиш ҳам кўзланган мақсадларни рўёбга чиқишини таъминлайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳозирги пандемия шароитида иқтисодиётда норасмий сектор улушининг ортиши эҳтимоли жуда юқори. Бу, ўз навбатида, давлатимиз олдидаги мавжуд муаммолар кўламининг янада кенгайишига сабаб бўлади. Шу сабабли, давлат изчил равишда самарали чоралар кўриши зарур.

Энг аввало, мақсадни тўғри қўйиш керак. Ҳукумат норасмий сектор улуши юқори эканлигининг сабабларига юзаки ёндашишни четга суриб, уларни жиддий таҳлил қилишга киришиши шарт. Аниқроқ айтадиган бўлсак, норасмий сектор вакилларининг “тўғри йўл қолиб, эгри йўлни танлашлари”га сабаб бўлаётган омилларни максимал даражада бартараф этиш ҳамда норасмий секторни расмий секторга айлантиришдаги “олтин ўрталик”ни топиш асосий мақсадга айланиши керак. Бунда ноформал иш билан бандлик даражаси деярли нолга тенг бўлган ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, норасмий секторнинг ҳар бир вакилини расмий секторга ўтказиш масаласига индивидуал тарзда ёндашиш механизмини жорий этиш керак. Ушбу вазифа ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида шахсан туман (шаҳар)лар ҳокимларига юклатилиши зарур. Бу жараёнда ҳокимлар маъмурий-буйруқбозлик усулларидан фойдаланиш хунук оқибатларга олиб келишини ёдда тутишлари лозим. Аксинча, ҳозирги шароитда ён босиш, эгилувчанлик, шаффофлик, башорат қила олиш, тизимлилик ва энг муҳими, тез ҳаракат қилиш самарадорликка эришишнинг муҳим омилидир.

Учинчидан, норасмий меҳнат муносабатлари юқори даражада сақланиб қолишига сабаб бўлаётган омиллардан бири бўлган мураккаб иш юритиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан зудлик билан қайта кўриб чиқиш зарур.

Тўртинчидан, норасмий меҳнат бозорининг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсири матбуот ва оммавий ахборот воситаларида кун мавзусига айланиши керак. Шу билан бирга, жамоавий бирдамлик, интизом, меҳнатсеварлик ҳамда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаслик каби юкасак фазилатлар билан бир қаторда инсон ресурсларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ходимлар ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик муносабаталарини йўлга қўйиш бизни улкан ва маҳсулдор кучга айлантириши хусусидаги миллий руҳни кўтарувчи тарғибот тадбирлари давлат сиёсати даражасида амалга оширилиши зарур.

Бешинчидан, ходимларнинг иш ва дам олиш вақтларига риоя этмаслик нафақат уларнинг ҳуқуқларини бузиши, балки давлат ва жамият манфаатларига ҳам жиддий путур етказишини турли усул-воситалар орқали барча тоифадаги иш берувчиларга тушунтириш чоралари кўрилиши шарт. Кези келганда айтиш керакки, Япония ва бошқа бир қатор ривожланган мамлакатлар (ривожланган давлатлар ҳам камчиликлардан ҳоли эмас)да “иш” йиллар давомида асосий ўринга қўйилганлиги оқибатида оилавий муносабатлар инқироз ёқасига келиб қолган. Шу сабабли, Япония ҳукумати меҳнат унумдорлигини ошириш билан бирга иш ва ҳаёт ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида иш услуби ислоҳоти (Work Style Reform (Hatarakikata Kaikaku))ни ўтказишга қарор қилди. Мамлакатимизда туғилиш жараёни касодга учрамаслиги, набиралардан кўра боболар ва бувилар кўп бўлган жамият пайдо бўлмаслиги учун ҳар бир иш берувчи меҳнат бозорининг расмий қонун-қоидаларига оғишмай амал қилишни ўзининг бурчи деб билиши лозим.

Олтинчидан, пандемия шароитида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган “масофавий иш” усули пандемиядан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаслиги керак. Бу уйда туриб ишлашга эҳтиёжи юқори бўлган аҳоли қатлами (ёш болали аёллар, ногиронлар ва бошқалар) учун қатор қулайликлар туғдиради. Давлат масофавий иш усули расмий меҳнат бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаши учун барча ҳуқуқий асосларни таъминлаши зарур.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, норасмий меҳнат бозори улушининг юқори даражада сақланиб қолишига беэътибор бўлишимиз ўз оёғимизга ўзимиз тушов солишимиз билан баробардир. Бундай шароитда давлат ўз иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларини олдиндан кўра билиши амри маҳол. Мамлакатда расмий меҳнат бозори мустаҳкам ўрин эгаллар экан мавжуд рақамларнинг ишончлилиги ҳам ортиб бораверади. Зеро, аниқ маълумотлар асосида қилинган ҳаракатдангина самарали натижалар кутиш мумкин.


Бобомурод АВАЗОВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчи.
 
Шоҳруҳ МИНГБОЕВ,
талаба

5 185
ЎзА