Нефть-газ саноати имкониятлари намойиш этилмоқда
“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси очилди.
“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси очилди.Мазкур нуфузли форум “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси ва “ITE” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири нефть-газ соҳасини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича дунёда етакчи мамлакатлар қаторида туради. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони иқтисодий тараққиёт, инновацион технологияларни жорий этиш ва жалб қилинаётган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Нефть-газ ва нефть-кимё саноатида табиий газ ва газ конденсатини қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг турини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Дастурга мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан умумий қиймати 15,8 миллиард долларга тенг элликдан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини модернизация ва реконструкция қилиш, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонасида газ-кимё мажмуасини барпо этиш, Устюрт газ-кимё мажмуаси хомашё базасида углеводородлар пиролизи ишлаб чиқарадиган янги заводни қуриш, Ўзбекистон – Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғини барпо этиш, “Ўзбеккимёмаш” заводининг йирик ва оғир нефть-газ-кимё ускуналарини ишлаб чиқарадиган қувватларини кенгайтириш, пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, геология-қидирув ишлари учун юқори технологияли ускуналар харид қилиш каби йирик лойиҳалар шулар жумласидандир.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси мамлакатимиз нефть-газ саноатининг улкан салоҳиятини намоён этиш баробарида соҳага хориж сармоясини кенг жалб этиш, чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қулай замин яратмоқда. Йигирманчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
– Компаниямиз нефть-газ ва энергетика соҳалари учун турбогенераторлар ишлаб чиқариш ва ўрнатишга ихтисослашган, – дейди Италиянинг “Turboden” компанияси директори Паоло Бертуззи. – Маҳсулотларимиздан фойдаланиш энергетика самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Юксак суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистон бозори биз учун ғоят қизиқарли. Қатор халқаро молия муассасалари Ўзбекистоннинг нефть-газ ва энергетика соҳаларига сармоя киритиб, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётгани мамлакатингиз бу йўналишда катта салоҳиятга эга эканидан далолат беради.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг барча соҳаларини, жумладан, нефть-газ тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қулай сармоявий муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада янги иншоотларни барпо этиш, мавжудларини замон талаблари асосида реконструкция ҳамда модернизация қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, корхоналараро кооперация алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит, имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги заводларда нефть қайта ишланиб, бензин, дизель ёнилғиси, мазут, нефть мойлари, битум, авиакеросин каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Газни қайта ишлаш мажмуаларида суюлтирилган газ, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошмоқда. Мазкур маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
– Ҳар йилгидек бу галги кўргазма ҳам муҳим воқеаларга бой, – дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ҳузуридаги “NefteGazInvest” компанияси директори ўринбосари Ҳусниддин Тўраев. – Сўнгги йилларда Ўзбекистон нефть-газ саноатида чет эллик ҳамкорлар билан кўплаб йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу нафақат соҳа ривожига, балки мамлакатимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ушбу халқаро кўргазма доирасида ёш олимлар анжуманини ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этадиган мазкур тадбир ёш олимлар ўртасида нефть ва газ саноатида эришилаётган ютуқлар ва янги инновацион лойиҳалар хусусида ўзаро фикр алмашиш ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш имконини беради.
“OGU-2016” кўргазмаси мутахассисларга нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида миллий ва хорижий компаниялар эришган энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Жаҳоннинг етакчи нефть-газ компаниялари нефть ва газни ташиш технологиялари, нефть-газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, геодинамика, геофизика ҳамда углеводород салоҳиятига оид ишланмалар бўйича ўзлари эришган энг сўнгги ютуқларни намойиш этмоқда.
Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлаб турибди.
– Компаниямиз нефть-газ саноати тармоқлари учун илғор технологиялар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади, – дейди Хитойнинг “Karamay Xinkeao Petrolium Technological” компанияси директори ўринбосари Шао Ю. – Нефть-газ саноати соҳасидаги муҳим тадбир ҳисобланган ушбу кўргазма ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш имконини бераётганидан ғоят мамнунмиз. Ўзбекистонда самарали фаолият юритиш учун барча қулайлик ва имкониятлар мавжуд. Шу боис компаниямиз мамлакатингиздаги турдош корхоналар билан ҳамкорликни юксак қадрлайди.
“OGU-2016” кўргазмаси доирасида “Uz-Prista Recycling” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. “Ангрен” махсус индустриал зонасида барпо этилган мазкур корхона мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда.
Нефть-газ форуми доирасида «Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Унда мамлакатимиз нефть-газ саноатининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, углеводород базасини кенгайтириш омиллари, соҳадаги янги тенденциялар, Ўзбекистон нефть-газ соҳасининг сармоявий салоҳияти, бу борадаги халқаро ҳамкорлик, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари каби долзарб масалалар муҳокама этилади.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов, Болгария Республикаси Бош вазири Б.Борисов сўзга чиқди.