Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.10.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Навоийда жорий йилда балиқчилик йўналишида 72 лойиҳа-таклиф ишлаб чиқилди

Мамлакатимизда балиқчилик саноатини ривожлантириш, хусусан, табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўллардан оқилона фойдаланиш, мазкур йўналишда фаолият юритаётган хўжаликларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам балиқчилик билан шуғулланиш учун қулай табиий иқлим шароити ва етарли сув захираси мавжудлиги боис айни йўналишда қатор лойиҳалар амалга оширилаётир.

Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори балиқчилик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш, табиий сув ҳавзалари, сунъий кўллардан самарали фойдаланиш, соҳанинг озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда тармоқ учун малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Вилоятда жорий йилда балиқчилик йўналишида 72 лойиҳа-таклиф ишлаб чиқилди. Янгидан ташкил этилаётган хўжаликлар учун 1 минг 218 гектар табиий ҳамда 231,2 гектар сунъий сув ҳавзаларидан ер майдонлари ажратиш белгиланган. Айни пайтга қадар 49 истиқболли лойиҳа ташаббускорларининг шахсий сармоясига қўшимча равишда “Ипотекабанк” вилоят филиали томонидан 2 миллиард 314 миллион сўм кредит маблағи ажратилиши соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Мазкур хўжаликларнинг тўла қувват билан фаолият кўрсатиши натижасида 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Бугунги кунда вилоятда 200 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда қарийб 7 минг 500 тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг тоннадан ортиқ балиқ овланди. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 2 баробар ошириш белгиланган.

– Бундан 7 йил аввал фаолият бошлаганмиз, – дейди Кармана туманидаги “Кармана Шертош” фермер хўжалиги раҳбари Т.Раззоқов. – 6 гектар майдонда балиқ парваришлаймиз. Хўжалигимизга қарашли 2 гектар ерда буғдой, арпа ва маккажўхори каби озуқабоп маҳсулотлар етиштирилади. Жорий мавсумда 6 тонна балиқ овлашни мўлжаллаганмиз. Айни пайтда тижорат банки сармояси ва шахсий маблағ эвазига балиқ етиштиришни янада кенгайтириш устида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни асраш, балиқчиликни янада ривожлантириш мақсадида Навоий вилоятидаги 30 балиқчилик хўжалиги иштирокида тендер ўтказилиб, 27 нафар ташаббускорга кўл ҳудудидан ўртача 2 минг гектардан майдон ажаратилди. Бу вилоятда балиқчилик саноатини янада ривожлантириш, парҳез маҳсулотни хорижга экспорт қилиш имконини беради.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 541






Все о погоде - Pogoda.uz