ЎзА Ўзбек

12.08.2020 Чоп этиш версияси

Навоийда қанча тадбиркорлик субъекти онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланмоқда?

Навоийда қанча тадбиркорлик субъекти онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланмоқда?

Мамлакатимиз солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият ортидан ҳалол даромад орттириши, яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилгани билан эътиборга молик.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳисоб-китоблар тизимига ахборот технологияларини жорий этишда муҳим асос бўлмоқда.

Хусусан, мазкур фармон асосида 2020 йил 1 январдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига онлайн-назорат касса машиналарини босқичма босқич татбиқ этиш белгиланган.

Аниқроғи, жорий йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланишга ўтди. Бунинг самарасида тадбиркорнинг ҳисоб-китоби аниқ бўлиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тўлақонли бажарилишига эришилмоқда. Эндиликда, кирим қилинган маблағ – хоҳ пластик карта орқали бўлсин, хоҳ нақд пулда харид қилинган маҳсулот учун мижозга харид чеки тақдим этилади.

Тадбиркорлар томонидан тақдим қилинадиган харид чекида товарлар ёки ишлар, хизматлар номи, миқдори ва қиймати қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда мазкур солиқ ставкаси ва суммаси, шунингдек QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди. Энг муҳими, тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга касса чеки ҳам берилиши шарт.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 1 минг 728 нафар тадбиркорлик субъекти онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланмоқда.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларининг онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланиш ҳолати, харидорларга касса чекини тақдим этилиши юзасидан Навоий вилояти солиқ органлари томонидан Навоий шаҳридаги дорихона ва озиқ-овқат дўконларида соҳа мутасаддилари ўрганишлар ўтказди.

Аниқланишича, шаҳарнинг 10-кичик тумани ҳудудида жойлашган 2 та дорихона, 1 та озиқ-овқат дўконида нақд пул тақдим этган мижозларга харид чекини тақдим этмаслик ҳолати кузатилган. Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасида “Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади”, дея қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорларга расмий огоҳлантириш берилган. 

– Тадбиркор ва харидорлар ўртасида савдо ҳамда харид маданиятини юксалтириш мақсадида доимий равишда тарғибот ишларини амалга оширмоқдамиз, – дейди Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Зуҳриддин Ғиёсов. – Хусусан, бугунги пандемия даврида айниқса, дорихоналарда онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланиш тартибига қатъий риоя қилиш, белгиланган тартибларга амал қилмаётган тадбиркорлар билан тушунтириш-тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кўрсатилган хизмат ёки амалга оширилган харид учун касса чекини талаб қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги тушунтирилмоқда.

Хуллас, онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланиш тадбиркор учун ҳар томонлама қулай бўлиш баробарида, маҳсулотнинг сифати ва кафолати учун харид чекини олиш мижознинг ҳам ҳуқуқидир.

6 169
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА