ЎзА Ўзбек

20.09.2019 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятида маҳсулот экспорти сезиларли ўсмоқда

Навоий вилоятида маҳсулот экспорти сезиларли ўсмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Экспорт жараёнида тадбиркорларга берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, сертификат ва рухсатномалар олиш жараёнидаги соддалаштирилган тизим шулар жумласидан.

Натижалар эса ўз самарасини кўп куттираётгани йўқ. Статистик маълумотларга кўра, биргина Навоий вилояти мисолида экспортда сезиларди ўсишга эришилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоят тадбиркорлари томонидан қиймати 19,4 миллион долларга тенг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 фоизга кўпдир.

Ўтган давр мобайнида вилоятдан майиз, бодом, пиёз, помидор, ўрик, ловия, узум каби жами 42 турдаги маҳсулот экспорт қилинган. Ҳудудларнинг табиий иқлими, ҳудуди, унумдор ерлари миқдори инобатга олинса Навоийнинг экспорт салоҳияти жуда юқори экани ойдинлашади.
Шу боисдан божхоначилар томонидан бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда экспортёр корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва экспорт фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорлар билан тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш ишлари доимий равишда амалга оширилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда Хатирчи туманда 331 гектар майдонга сабзавот, 118 гектар майдонга полиз маҳсулотлари, 1 минг 163 гектар майдонга кунжут ва тариқ каби такрорий экин экилган. Бундан ташқари, ҳудудда етиштириладиган майизлар бутун дунёга машҳур. Айни пайтда тумандан шу каби маҳсулотлар ҳосилини йиғиб, экспорт қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Айниқса, “Омонов Дилмурод боғи”, “Муродулло бобо даласи”, “Элёр Қўлдош саховати” ва “Зар Муқаддас барҳаёт” фермер хўжаликлари экспорт фаолияти бўйича ишларни кенгайтиришда ўрнак кўрсатмоқда.

Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар ҳудуд экспорт салоҳиятини оширишда ўзининг ижобий самарасини беради.

экспорт 2.jpg

4 863
А.Мусаев, ЎзА