ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

Навоий эркин иқтисодий зонаси – жозибадор ва қулай инвестиция чорраҳаси

Навоий эркин иқтисодий зонаси – жозибадор ва қулай инвестиция чорраҳаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида Ўзбекистондаги биринчи эркин зона – «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилди.

2018 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Навоий шаҳри ҳудудидаги 80 гектарга яқин фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари кичик «Навоий» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ҳудудига айлантирилди.

Ниҳоят 2019 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг эълон қилиниши эса ЭИЗ солиқ ва божхона имтиёзлари механизмларини бутун вилоят ҳудудида татбиқ қилиш имконини берди.

Ўтган давр мобайнида Навоий ЭИЗ раҳбарияти юзлаб янги ташкил этилган корхоналар учун рақобатдош бозор иқтисодиёти учун имконият эшикларини очиб берди. Шундай корхоналардан бири “Navoi kompozit” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси бўлиб, у 2018 йилда Ўзбекистон ва Канада фуқаролари сармояси асосида «Навоий» ЭИЗ шаҳар ҳудудида ташкил этилган. Корхона фаолияти асосан композит материаллардан тайёрланган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

photo_2020-07-10_11-10-43.jpg

Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда йилига 500 минг. м2 агломерат тошлардан композит пардозбоп плиталар ишлаб чиқариш ва улардан 1000 м2 тенг истеъмол моллари тайёрлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, лойиҳада йилига 13 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналарни ишга тушириш режалаштирилган.

Бугунги кунда корхона учун қиймати 1,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлган юқорида келтирилган замонавий ускуналар ва ишлаб чиқариш машиналари Хитойдан олиб келинди, босқичма-босқич ишлаб чиқариш биноларида ўрнатилмоқда. Режага кўра, корхона фаолиятини йўлга қўйиш жорий йилнинг 1 октябригача режалаштирилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичини ишга туширилиши камида янги 50 иш ўринларини ташкил қилиш, йилига қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини беради.

“Биласизми бу маҳсулотлар асосан бизга хориждан импорт қилинади. Республикамиз ичида ишлаб чиқариш қувватлари унча кўп эмас. Бу эса қурилиш соҳасидаги муҳим муаммолардан биридир. 2019 йил март ойида Юртбошимиз Навоий вилоятига ташрифлари доирасида, лойиҳа тақдимотини қилгандик. Лойиҳа иккинчи босқичида 200 минг. м2 ламинат пол қопламаси, 50 минг м2 акрил тош плиталари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш линияларини олиб келиб ўрнатиш режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, иккинчи босқичда 4 млн. АҚШ долларига тенг хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшимча 50 яқин янги иш ўринлари ташкил, экспорт параметрлари эса 700 минг АҚШ доллари миқдорида кутилмоқда” , дейди корхона раҳбари Зарипов Қобилжон.

Эътиборлиси шундаки, мазкур комплекс ишга туширилиши Навоий вилоятининг маҳаллий хом-ашё ресурсларидан қўшимча қиймати юқори бўлган, сифатли, яқин бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Жонибек ШУҲРАТОВ

5 015
ЎзА