ЎзА Ўзбек

26.01.2017 13:56 Чоп этиш версияси

“Навоий” ЭИЗда замонавий телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

“Навоий” ЭИЗда замонавий телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, кўплаб хорижлик ҳамкорлар билан мустаҳкам иқтисодий алоқалар ўрнатишда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳудудда фаолият кўрсатаётган “Telecom Innovations” Ўзбекистон – Сингапур – Хитой қўшма корхонасида рақамли телевидение сигналларини қабул қилиш ускунаси, ADSL модемлар, DSLAM қурилмалари ишлаб чиқарилмоқда.

Хитойнинг “ZTE” компанияси янги лойиҳалари ва тўғридан-тўғри инвестицияси эвазига қўшма корхонада рақамли сигналларни қабул қилиш қурилмасининг янги тури IPTV ҳамда модемларнинг Home gateway серияли янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Қўшма корхона бундан 7 йил аввал мамлакатимиз ҳамда сингапурлик ишбилармонлар ҳамкорлигида фаолият бошлаган эди, – дейди корхона директори Фирдавс Алиев. – Бу ерда замонавий теле ва алоқа воситалари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш мақсадида Хитойнинг “ZTE” компанияси қўшма корхона таъсисчилари қаторига жалб этилди. Бу ишлаб чиқариш жараёнини янги босқичга кўтариш имконини берди.

Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 40 дан ортиқ ишчининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир. Бу янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Навоий информатика ва электрон саноат касб-ҳунар коллежи битирувчилари корхонада ўқув амалиётини ўтаб, танлов асосида шу ернинг ўзида ишга қабул қилинмоқда. Натижада замонавий телекоммуникация воситалари маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилаётир.

Мутахассислар малакасини ошириш, янги маҳсулотлар турини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришда сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш мақсадида Хитойнинг “ZTE” университетида малака ошириш курслари йўлга қўйилган.

Корхонада амалга оширилган модернизация ишлари туфайли қурилмалар тури 5 тадан 15 тага етказилди. 2016 йилда қарийб 36 минг 500 маҳсулот тайёрланиб, ички бозорга етказиб берилди.

Эркин иқтисодий зонада алоҳида божхона ва солиқ имтиёзлари мавжудлиги ишлаб чиқарувчилар ва хорижлик сармоядорлар учун қўшимча қулайлик яратмоқда. Хусусан, инвестиция ҳажмига қараб 7 йиллик солиқ имтиёзлари қўлланилгани бунинг яққол исботидир.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
10 173