ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

Натижасини олиш учун энди пойтахтга келиш шарт эмас

Натижасини олиш учун энди пойтахтга келиш шарт эмас

“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали ўтказилган электрон савдоларда ғолиб бўлган фуқаролар айрим савдо натижалари бўйича баённомаларни Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали олиш имкони яратилди.

Аввал “E-IJRO AUKSION” орқали ўтказилган электрон савдо ғолиблари баённомани олиш учун почта хизматларидан фойдаланишига ёки минглаб чақирим йўл босиб Тошкент шаҳрига келиб-кетишга мажбур бўлишарди. Бу, эса, албатта анча ноқулайликлар туғдирар эди.

Натижада, фуқаролар олтинга тенг бўлган вақти ва маблағини пойтахтга келиб-кетиш учун беҳудага сарф қилишга мажбур эди.

Ҳозир эса, фуқаролар исталган Давлат хизматлари марказига ташриф буюриб ёки электрон тарзда my.gov.uz рўйхатдан ўтиб, СТИР ва лот рақамини тақдим этишлари кифоя.

Натижаси бўйича автоматик равишда QR-кодли бланкада тадбиркорлик қилиш ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бўйича электрон савдо ғолиблиги тўғрисидаги баённома чоп этилади ва ўша вақтнинг ўзида фуқарога тақдим этилади.

Ушбу баённома ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш учун эса, шу вақтнинг ўзида Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали ариза бериш ҳам мумкин.

Яъни, бир ҳаракат билан иккита ишни ҳал қилиш имкони яратилди.

Тез орада “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали ўтказилган барча электрон савдо ғолибларига худди шу тартибда баённомалар берилиши жорий этилади.

Ушбу имкониятлар карантин даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилган яна бир қулайлик бўлиб, ўз бизнесларини йўлга қўйишда ва ривожлантиришда қўшимча рағбат бўлишига ишончимиз комил.

7 211
ЎзА