Натижалар салмоқли, вазифалар улкан
Самарқандда 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқандда 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда вилоят,туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.
Йилнинг тўққиз ойида вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимизнинг 2015 йил 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидабелгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишлари вазифалари ижросини таъминлашга қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 8 триллион 197 миллиард сўм ёки 110,4 фоизни ташкил этиб, белгиланган прогноз ортиғи билан бажарилди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 114, чакана товар айланмаси 114, қурилиш-пудрат ишлари 113 ҳамда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 106 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунда вилоятдаги банд аҳолининг 83 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилмоқда. Ўтган даврда мазкур соҳа субъектларига молиявий ёрдам бериш мақсадида 766 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 83,7 фоизга етди. Соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш учун давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва преференциялар самарасида тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб, улар томонидан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, хизматлар кўрсатилаётир.
Иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2 триллион 52 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури негизида 297 лойиҳа амалга оширилди ва 6108 иш ўрни яратилди. Умуман, шу даврда бандлик дастури доирасида 72 минг 650 янги иш ўрни яратилиб, белгиланган режа 101,4 фоизга бажарилди. Янги иш ўринларининг 59 мингтаси қишлоқ жойларига тўғри келди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Икки йирик корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайишига йўл қўйилган, тўрт корхонада белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилмаган. Вилоятда газлама, тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотлари, пайпоқ, чарм-пойабзал, галантерея буюмлари ва хўжалик товарлари ишлаб чиқариш борасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётган бир пайтда айрим туманларда ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш суст кечмоқда.
Мажлисда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам кенг муҳокама этилиб, ушбу йўналишдаги вазифаларни қисқа фурсатларда бажариш зарурлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.