ЎзА Ўзбек

03.10.2019 Чоп этиш версияси

Нарх ўзгармайди, эркинлаштирилади

Нарх ўзгармайди, эркинлаштирилади

Ижтимоий тармоқларда ун ва нон маҳсулотларини нархида ўзгаришлар бўлиши борасида турли мулоҳазалар айтилмоқда. Унда дон корхоналари бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларига ўз вақтида тўловларни амалга оширмаётгани ва бунга корхоналарнинг тўлов қобилияти пастлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Шу боис “Ўздонмаҳсулот” акциадорлик компанияси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Узоқовдан бу ҳолатга изоҳ сўрадик. 
– Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам эркин бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш жараёни қизғин бормоқда, – дейди Ш. Узоқов. – Кўриб турибсиз бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби буғдойдан ҳам мўл ҳосил олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарорига кўра, буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм қилиб белгиланди. Шундай қилиб, 2019 йил ҳосилидан бошлаб, суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланиладиган бўлди.

Бунда, 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз, 51 центнердан 60 центнергача бўлганида – 20 фоиз, 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз устама бериш йўлга қўйилган.

Қисқасини айтадиган бўлсак, биз ишлаб чиқарувчимиз ва шу билан шуғулланамиз. Маҳсулотга баҳони эса Молия вазирлиги беради. Шундай экан нон ва нон маҳсулотларининг нархи ўзгармаса-да, лекин бозорда эркин баҳода чиқарилади. 

6 701
ЎзА