ЎзА Ўзбек

20.07.2020 Чоп этиш версияси

​Нарх-наво ошиб кетмаслиги учун шаффоф тизим яратилмади. Нега?

​Нарх-наво ошиб кетмаслиги учун шаффоф тизим яратилмади. Нега?

2020 йил 20 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг I ярим йилликдаги ижроси натижалари ҳақидаги Ҳукумат ҳисоботини муҳокама қилди.

Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Йиғилишда алоҳида таъкидландики, коронавирус билан боғлиқ пандемия дунё давлатлари, жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётини қийин синовларга дучор қилди, турли лойиҳа ва режаларни амалга ошириш имкониятларини пасайтирди. Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилда жаҳон иқтисодиётининг 4,9 фоизга камайишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Давлат дастури бўйича амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда, фойдаланилмаётган имкониятлар ва айрим камчиликларни алоҳида қайд этишди.

Депутатлар ҳудудларга чиқиб бевосита ўрганишлар ўтказганда пандемияга қарши курашиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар самарадорлиги бўйича кўплаб саволлар, асосли шикоятлар билдирилмоқда. Маълумотларга қараганда, пандемия оқибатларини бартараф этишга ҳозиргача 1,7 трлн. сўм, бошқа манбаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 6,4 трлн. сўм маблағ сарфланган. Аммо бу маблағлардан самарали фойдаланилишини назорат қилиш бўйича жойларда тезкор иш олиб борадиган тизим йўлга қўйилмаган.

Истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларининг нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан электрон назорат тизимини йўлга қўйиш вазифаси берилган эди. Лекин, бугунги кунга қадар ушбу йўналишда ҳам шаффоф тизим йўлга қўйилмаган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси бу камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, шунингдек, маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонунни тезроқ қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда «яширин иқтисодиёт» 40-50 фоизни ташкил қилмоқда. Давлат дастурининг 71 бандига мувофиқ, хорижий мутахассислар иштирокида «яширин иқтисодиёт»нинг вужудга келиш омилларини таҳлил қилиш ва унга қарши курашиш дастурини тасдиқлаш вазифаси қўйилган. Берилган ҳисоботда ушбу банд бажарилган, деб кўрсатилган.

Бундай ўта муҳим ҳужжатнинг тайёрланиш жараёнидан нафақат аҳоли, балки парламент аъзолари ҳам таниш эмаслиги таъкидланди. Фракция аъзолари «яширин иқтисодиёт»нинг мамлакатимиз ҳамда жамиятимиз учун хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда, унинг вужудга келиш омилларини таҳлил қилиш ва унга қарши курашиш дастурини кенг муҳокамалар асосида тасдиқлаш лозим, деган қатъий позицияни билдиришди.

Фракция аъзолари партия дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан жуда муҳим бўлган яна бир масалани қайд этишди. Ҳудудларда камбағалликка қарши самарали курашиш ва шунга ажратилган маблағлардан унумли фойдаланиш учун биринчи навбатда камбағалликнинг аниқ мезонлари қонун билан белгилаб берилиши зарур.

Депутатлар Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот, шунингдек, сайлов округларидаги ўрганишлар жараёнида аниқланган, Дастурнинг сифатли бажарилишига бевосита алоқадор бўлган ҳолатлар бўйича юзага келган саволларига ҳукумат аъзоларидан жавоб олишди.

Давлат дастури ижросида кузатилаётган айрим хато-камчиликлар бўйича қатъий фикр-мулоҳазалар билдирилди, баъзи масалаларда қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.

Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати

8 540
ЎзА