ЎзА Ўзбек

24.09.2018 Чоп этиш версияси

“Наримтекс”нинг янги лойиҳаси

“Наримтекс”нинг янги лойиҳаси

Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан жунли матоларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаси асосида 8 миллион долларлик инвестиция жалб этилмоқда. Бу янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва иш ўринлари яратиш имконини янада оширади.

3.JPG

Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудларда ҳам йирик истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, иқтисодиётда хусусий сектор улуши кўпайиб бормоқда.

6.JPG

Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” МЧЖнинг юқори сифатли маҳсулотларига ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу корхонада экспорт ҳажмини ошириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш борасида доимий изланишлар олиб борилмоқда.

13.JPG

“Наримтекс” ташкил этилган 2008 йилда оддий тикув машиналарида хотин-қизлар либослари тикиларди. 2012-2015йилларда хитойлик ҳамкорлар билан ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинди. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада корхона пальто, куртка, костюм, пиджак каби маҳсулотлари билан истеъмол бозорида мустаҳкам ўринга эга бўлди, янги иш ўринлари яратилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур жамиятдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, ички ва ташқи бозорда ўрин топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш, ишчи-хизматчилар малакасини доимий ошириб бориш борасида топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар асосида бу ерда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган.

– Жамиятимиз йилига ўртача 45 минг дона аёллар пальтоси ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди “Наримтекс” МЧЖ раҳбари Наргиза Аминова. – Президентимиз топшириғи асосида Тошкент шаҳрида дизайн маркази очиш ҳаракатидамиз. Унда ўқув маркази, модалар кўргазмасидан тортиб, маҳсулотларимизни хорижда тарғиб этиш учун ҳам барча имкониятлар бўлади. Шунингдек, 2018-2022 йилларда жунли матолар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини босқичма-босқич амалга оширишни бошладик. Бу янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятини оширади.

Айни кунларда бу ерда ҳарбийлар, давлат хизматчилари учун ҳам кийим-бош ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, бозор коньюктураси ўрганилиб, янги дизайн асосида маҳсулотлар яратишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

5 838
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА​​