ЎзА Ўзбек

07.07.2019 17:46 Чоп этиш версияси

Наманганлик фермер чорвачилик кластерини ташкил қилмоқчи

Наманганлик фермер чорвачилик кластерини ташкил қилмоқчи

Юрт фаровонлиги кўплаб омиллар билан бир қаторда, эл дастурхони тўкинлиги, бозорлардаги серобчилик, озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги билан ҳам белгиланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий манбаси эса қишлоқ хўжалигидир. Ғаллачилик, пахтачилик, боғдорчилик каби ўнлаб йўналишларни ўз ичига олган қишлоқ хўжалигида чорвачилик алоҳида ўрин тутади. Зеро, гўшт ва сут маҳсулотлари кундалик дастурхонимиздан жой олган асосий неъматлардан биридир.

Шу нуқтаи назардан бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, жумладан чорвачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, чорвадор фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли бу йўналишда кенг имтиёзлар билан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўз самарасини бераётир.

Буни Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Ғуломжон” фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.Саккиз йил аввал ташкил этилган хўжаликда дастлаб 19 бош жайдари қорамол бор эди холос. Хўжалик раҳбари З.Отабоевага бош сонини кўпайтириш у ёқда турсин, ана шугина чорвани сақлаб туришнинг ўзи ҳам катта муаммога айланган даврлар бўлди. Лекин гарчи у аёл киши бўлса-да “мард бўлиб майдонга тушдингми, номард бўлиб чиқиб кетма”, деган ўгитга амал қилиб барча қийинчиликларни енгиб ўтди.

Бугун “Ғуломжон” фермер хўжалиги вилоятдаги энг йирик чорвачилик йўналишидаги хўжаликларидан бири сифатида тилга олинади. Бугун унинг тасарруфида қорамоллар 465 бошга етди, шундан 320 бошини Германиядан келтирилган зотдор қорамоллар ташкил қилади. 151 гектар экин ер майдонига эга.

– Иқтисодчилар, ҳисобчилар яхши билади, кичкина хўжаликни ўз айланма маблағи билангина ривожлантириб бўлмайди, – дейди “Ғуломжон” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси Ш.Юсупов. – Бўлганда ҳам бунга жуда кўп йиллар талаб этилади. Шунинг учун биз давлатимиз раҳбари томонидан чорвачиликни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилаётган имкониятлардан руҳландик. Банк кредитидан фойдаланишга қарор қилдик. Халқ банки Учқўрғон туман филиалидан 437,4 минг доллар имтиёзли кредит олиб, Германия ва Австриядан 160 бош наслли голштин зотли қорамоллар олиб келдик. Бугун уларнинг сони 320 бошга етди.

Мазкур чорвачилик хўжалиги бугунги кунда сут ишлаб чиқариш бўйича ички бозорда ўз мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда. Хўжаликда кунига икки тонна сут ишлаб чиқарилмоқда. Шундан 1,5 тоннаси қайта ишлаш корхонаси шартнома асосида етказиб берилмоқда.

4ff6ba15-73c0-4991-905e-84950b7c2aca.jpg

Бундан ташқари, фермер хўжалигида сут ва сут маҳсулотлари тайёрлаш жараёнига кластер усулини жорий қилиш бўйича ҳам дастлабки қадамлар қўйилгани диққатга сазовор. Бу мақсад йўлида жорий йилда “Хар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида хўжаликнинг ўз маблағи ҳисобидан имтиёзли кредит шартлари асосида аҳоли хонадонларига 200 бошдан зиёд қорамол олиб келиб берилди. Бу хонадонларда етиштирилган сут маҳсулотлари келгусида “Ғуломжон” фермер хўжалиги томонидан ташкил этиладиган сутни қайта ишлаш корхонаси учун аҳолидан кластер усулида қайта сотиб олинади. 
Айни пайтда фермер хўжалиги фаолиятини янада кенгайтириш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Яқинда лойиҳа қиймати 1 миллиард сўм бўлган ва 200 бош қорамолга мўлжалланган янги замонавий молхона қуриб битказилди. Мавжуд иншоотлар реконструкция қилинди. Келгусида сутни қайта ишлаш корхонаси қўриш ҳам кўзда тутилган.

Акромжон САТТОРОВ, ЎзА мухбири