Наманган тадбиркорлари халқаро ярмаркада иштирок этади
Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида жорий йилнинг апрель ойида ўтказиладиган “Canton Fair – 121” халқаро ярмаркада Наманган тадбиркор ва ишбилармонлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида жорий йилнинг апрель ойида ўтказиладиган “Canton Fair – 121” халқаро ярмаркада Наманган тадбиркор ва ишбилармонлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлигининг “China Foreign Trade Centre” ташкилоти, Ўзбекистон – Хитой савдо уйи, “International Business Travel” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган видеомулоқотда маълум қилинди.
Наманган вилоятидан 120 дан зиёд тадбиркорлик субъекти вакиллари ва хитойлик ишбилармонлар иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашиш, тадбиркор ва ишбилармонларнинг халқаро ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини кенгайтириш, хорижий сармоядорлар, замонавий техника ва технологиялар, улар бўйича мутахассисларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Халқаро ярмаркалар тадбиркор учун жаҳон бозорига чиқиш, унда мустаҳкам мавқега эга бўлишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қобилжон Жамолов. – Буни яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, жаҳон бозоридан ўз ўрнини топаётган кўплаб тадбиркорлик субъектлари мисолида яққол кўриш мумкин. Шу йил 17-24 февраль кунлари бир гуруҳ тадбиркорларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш технологиялари бўйича Италияда ўтказилган “Zanotti” компанияси ярмаркасида иштирок этди. Унда лойиҳа қиймати 2,6 миллион евро бўлган 3 минг 200 тонна сиғимли замонавий совуткич-омборхона қуриш юзасидан меморандум имзоланди. Бугунги видеомулоқот ҳам “Canton Fair – 121” халқаро ярмаркасида вилоятимиз тадбиркорларининг қатнашишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда. Техника, барча турдаги асбоб-ускуналар, мебель, кийим-кечак ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этиладиган анъанавий ярмаркада ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиздан 5 мингдан зиёд тадбиркор иштирок этган.
Видеомулоқотда “Canton Fair – 121” халқаро ярмаркаси лойиҳалар ва ташкилий ишлар бошқармаси бош менежери Май Цяй Ян ва менежер Ву Хей Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мустаҳкамланиб бораётган иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапириб, мазкур халқаро ярмарка тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Наманган вилоятида Хитой билан ҳамкорликдаги 14 корхона самарали фаолият юритмоқда. Видеомулоқотда ярмаркада иштирок этиш шартлари, минитехнологиялар ва маҳсулотлар сотиб олиш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.