Мутахассислар учун янги авиатренажёр
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида Канаданинг “САЕ” компаниясида ишлаб чиқарилган янги тренажёр – “А-320” самолётининг Full-flight симулятори ўрнатилмоқда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида Канаданинг “САЕ” компаниясида ишлаб чиқарилган янги тренажёр – “А-320” самолётининг Full-flight симулятори ўрнатилмоқда. Ушбу тренажёр ёрдамида учувчилар юқори даражада реал шароитларга яқинлаштирилган ҳолатда парвоз этиш кўникмасини мустаҳкамлайди ва ноодатий вазиятларда ҳаракатланишни машқ қилади.Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси халқаро авиаташувлар бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаво кемалари парки модернизация қилиниб, ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган самолётларга техник хизмат кўрсатишнинг замонавий базаси яратилди ва аэропортлар реконструкция қилинди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб навигация тизими такомиллаштирилди. Ушбу тизим ҳавода ҳаракатланишни бошқариш бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги энг яхши тизимлардан бири ҳисобланади.
“А-320” самолётининг Full-flight симулятори авиация хавфсизлиги, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимининг самарадорлигини ошириш борасидаги янги босқичдир. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ўқув-машғулот марказининг тренажёр мажмуасида ўрнатилаётган «САЕ» компаниясининг янги ишланмаси замонавий компьютер таъминоти, қўзғалиш ва визуализация тизимлари билан жиҳозланган. У ўзида “А-320” самолёти учувчилар хонасини мужассамлаштирган.
Айни пайтда канадалик мутахассисларнинг биринчи гуруҳи монтаж ишларини амалга оширмоқда. Сентябрь ойи охирида мутахассисларнинг иккинчи гуруҳи дастурий таъминотни ва тренажёр ускуналарини созлашга киришади. Бу ишлар якунланганидан сўнг Миллий авиакомпания учувчи-йўриқчилари «САЕ» компанияси мутахассислари билан тизимни синовдан ўтказади ва қабул қилади. Тренажёрни баҳолаш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси «Дававианазорат» инспекцияси томонидан янги симулятордан фойдаланишга сертификат берилади. Тренажёрни техник таъминлаш мақсадида биринчи босқичда канадалик мутахассислар Ўқув-машғулот марказида авиакомпаниянинг саккиз нафар муҳандисини ўқитади. Уларга мустақил хизмат кўрсатиш учун рухсат берилади. Янги Full-flight симулятори ноябрь ойининг охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда Миллий авиакомпаниянинг тренажёр мажмуасида “Боинг-757/767”, “А-320” ҳаво кемаларининг замонавий тренажёрлари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Ил-114-100” самолётининг ўзига хос Full-flight симулятори мавжуд. FFS “А-320” фойдаланишга топширилиши билан хорижий ўқув марказларини жалб этмаган ҳолда мамлакатимизда “А-320” аэробуслари учувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун зарур база яратилади.