ЎзА Ўзбек

28.04.2020 Чоп этиш версияси

МУТАХАССИС ФИКРИ: Капитал бозоридаги жиддий муаммо ва бўшлиқлар

МУТАХАССИС ФИКРИ: Капитал бозоридаги жиддий муаммо ва бўшлиқлар


  • “Капитал бозори тўғрисида”ги тўғридан тўғри амал қилувчи ягона қонун ишлаб чиқиш зарурияти бор;

  • Қимматли қоғозлар бозори 80 дан зиёд қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади, бу тизимнинг ҳаддан зиёд кўп ва тарқоқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши демакдир;

  • Амалдаги қонунчиликда соҳанинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилувчи бир қанча бўшлиқ ва камчиликлар мавжуд;

  • АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео томонидан Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш учун ажратилиши ваъда қилинган 1 млн. АҚШ долл. масаласи АҚШ Конгресси томонидан маъқулланиш арафасида.

***

Сўнгги йилларда капитал бозорини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, ҳалигача соҳада кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу, ўз навбатида, капитал бозори инфратузилмасини ривожлантиришда қимматли қоғозларнинг самарали чиқарилиши ва сотилишини, соҳага инвестицияларнинг кенг жалб этилишини, аҳоли молиявий саводхонлигининг оширилишини ва корпоратив бошқарувни ривожлантиришни кўзда тутадиган ҳамда мамлакатнинг иқтисодий ўсиш суръатларини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини белгилайди. Ушбу йўналишларни амалга ошириш негизида биринчи ўринда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш вазифаси туради.

Бугунги кунда қимматли қоғозлар бозори “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонунлар ва 80 дан зиёд бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу эса, ўз навбатида, соҳанинг ҳаддан зиёд кўп ва тарқоқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши демакдир.

photo_2020-04-28_16-18-53.jpg

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда соҳанинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилувчи қатор, жумладан, қуйидаги бўшлиқ ва камчиликлар мавжуд:

– капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича ягона давлат сиёсатининг қонун даражасида белгиланмаганлиги;

– амалдаги қонунчиликда қимматли қоғозларнинг ҳалқаро тажрибадаги барча турлари акс эттирилмагани, уларнинг айрим турлари (давлат қимматли қоғозлари, ҳалқаро облигациялар)нинг чиқарилиши ва муомала қилиниши қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиниши;

– бозор иштирокчилари фаолиятини назорат қилиш ҳамда акциядор ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тартиби етарли даражада эмаслиги;

– қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органининг фаолияти тор экани ҳамда Президент ва ҳукумат қарорлари билан тартибга солиниши мазкур органнинг мустақил фаолият юритиши бўйича халқаро стандартлар ва нормаларга мос келмаслиги;

– қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари (инвестиция воситачиси, инвестицион маслаҳатчи, ишончли бошқарувчи) фаолиятини лицензиялаш тизимининг мурракаблиги ҳамда ваколатларининг торлиги, бу эса жаҳон тажрибасига мувофиқ эмаслиги;

– акциядорлар умумий йиғилиши ҳамда жамият кузатув кенгаши мажлисларини ўтказиш тартибининг рақамлаштирилмагани;

– депонентлар ва акциядорлар ҳақида маълумотларнинг ягона базаси (реестри) персоналлаштириш тизими билан уйғунлашмаганлиги, яъни уларнинг актив ҳолатини онлайн режимда кўриш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

– хусусийлаштириш ҳамда бирламчи ва иккиламчи оммавий таклифни (IPO/SPO) амалга ошириш тизими эскиргани, халқаро стандартларга жавоб бермаслиги оқибатида сўнги 5 йил давомида республикада атиги 4 та IPO/SPO ўтказилгани;

– биржанинг котировкалаш варағи тоифалари жозибадор эмаслиги ва биржадан ташқари савдоларда амалга оширилаётган битимларнинг тартибга солинмаслиги ва бошқа шу каби камчиликлар бозорни самарали ривожланишига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йилнинг октябрь ойида юқорида кўрсатилган камчиликлар ҳамда бошқа масалаларнинг ечимини топишга қаратилган, “Капитал бозорини ривожлантиришнинг устувор вазифалари”га бағишланган йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан соҳадаги барча қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, ортиқча чекловларни бекор қилиш ва фонд бозорида ишлашни соддалаштириш зарур эканлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Капитал бозорини ривожлантиришнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган Стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон лойиҳасида ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда самарали қонунчилик базасини яратиш ва тўғридан-тўғри қонун ҳужжатларига ўтиш мақсади белгиланган.

Жумладан, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилган ҳолда “Капитал бозори тўғрисида”ги ва “Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ўз навбатида, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан мазкур масала юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, АҚШ Давлат департаменти билан алоқа ўрнатилиб, уларнинг техник кўмагини жалб этиш бўйича тегишли музокаралар олиб борилаётгани таъкидланган эди. Эришилган келишувлар натижасини жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг “Ўзбекистонга капитал бозорини ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатнинг молиявий ислоҳотларига ёрдам мақсадида техник ёрдам кўрсатиш учун 1 млн АҚШ долл. ажратиш масаласи АҚШ Конгресси томонидан маъқулланиши кутилмоқда”, деган сўзларидан ҳам кўришимиз мумкин.

Албатта, бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятига раҳна солаётган офат – коронавирус пандемиясини тарқалиши билан боғлиқ жорий этилаётган карантин режимларида нафақат ҳуқуқий сектор балки давлат ташкилотларида ҳам иш фаолиятини ташкил этиш имкон қадар масофадан туриб амалга оширилмоқда ва албатта, ушбу ҳолат амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор чора-тадбирлар муддатининг чўзилишига олиб келаётганини кўришимиз мумкин. Лекин ушбу қийинчиликларга қарамай, умид қиламизки, Конгресс юқорида кўрсатиб ўтилган масалани тез орада ҳал қилади ва капитал бозорини ривожлантириш учун ажратилиши режалаштирилаётган техник ёрдам АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилади.

“Капитал бозори тўғрисида”ги тўғридан тўғри амал қилувчи ягона қонун ишлаб чиқишда нималарга эътибор бериш зарур?

Мазкур қонун лойиҳаси, назаримизда, қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига қамраб олиши лозим:

давлат томонидан соҳани рағбатлантиришга оид ва давлат дастурларини амалага ошириш бўйича ягона сиёсат юритилишини назарда тутувчи нормалар;

халқаро тажрибадан келиб чиқиб, қимматли қоғозларнинг барча турлари (атамалар)ни белгилаш;

барча турдаги қимматли қоғозлар, давлат қимматли қоғозлари ва халқаро облигацияларини чиқариш ва муомала қилишнинг аниқ тартиби қонун билан белгилаш;

ипотека қимматли қоғозларни чиқариш ҳамда секьюритизацияни амалга ошириш тартибига бағишланган алоҳида нормалар;

Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) тамойиллари ҳамда Молиявий чораларни қўллаш бўйича махсус гуруҳ (ФАТФ) тавсиялари эътиборга олинган тегишли нормалар, жумладан, ахборотни ошкор қилишнинг шаффоф тизимини назарда тутувчи бандлар;

инвестицион воситачи, брокерлар, маркет-мейкер, анддеррайтер ва қимматли қоғозлар бозоридаги бошқа профессионал иштирокчиларнинг ўрни ва ишлаш тартибини жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб белгилаш;

қимматли қоғозлар бозорида пенсия жамғармалари, суғурта компаниялари, инвестиция фондлари, тижорат банкларининг кенг иштирок этишларини назарда тутувчи нормалар;

капитал бозори соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган жисмоний шахсларга жарима ҳамда юридик шахсларга халқаро стандартлардан келиб чиқиб молиявий санкциялар қўллаш тартибини.

“Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида биринчи навбатда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг тўғридан тўғри давлат раҳбарига бўйсуниши ва ҳисобот бериши тартибини жорий этиш, капитал бозори соҳасида қонунчиликни бузган жисмоний ва юридик шахсларга маъмурий жазо чораларини мустақил қўллаш, назорат вазифалари доирасида барча жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Марказий банк ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз тегишли ахборотни олиши ва қимматли қоғозлар бозорида шаффоф муҳит ва тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиб, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлашга қаратилган бошқа ваколатларга эга бўлишини назарда тутиш лозим.

Капитал бозори соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштиришда қимматли қоғозлар бозори ривожланган давлатлар, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Корея, Польша, Хитой, Франция, МДҲдан Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, жумладан, ушбу давлатлардан халқаро маслаҳатчиларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Юқоридаги қонунларнинг қабул қилиниши соҳага илғор халқаро амалиётни жорий қилиш, ортиқча тўсиқлар, чекловлар ва соҳанинг ҳаддан ташқари тартибга солинганини бартараф этиш, фонд бозорига инвестицияларни кенг жалб қилиш, иқтисодиётни молиялаштиришни капитал бозори ҳисобига мобилизация қилиш, халқ фаровонлигини ошириш учун иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини бир неча поғона кўтарилишига хизмат қилади.

Шерзод ЭГАМБЕРДИЕВ, 
ҳуқуқшунос,
Капитал бозорини 
ривожлантириш агентлиги
Қонунчиликни такомиллаштириш бошқармаси бошлиғи


6 666
ЎзА