ЎзА Ўзбек

14.02.2019 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар билан ишлаш: янгича тизим ва ёндашув

Мурожаатлар билан ишлаш: янгича тизим ва ёндашув

“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки нафақат мижозларга намунали хизмат кўрсатиш, балки жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боис банк тузилмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда банкнинг марказий идорасида Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси, банк филиалларида эса масъул ходимлар фаолият юритмоқда. Улар томонидан ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк орқали ҳамда тўғридан-тўғри жисмоний ва юридик шахслардан жами 1745 та мурожаат келиб тушган. Келиб тушган мурожаатлар эса банкнинг тегишли таркибий тузилмалари ва филиалларининг масъул ходимлари томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилган.

Миллий матбуот марказида мазкур банк томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақида маълумот берилди.

Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янгича тизимига асос солингани, бу тизим “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак“ деган ғояга таяниб иш кўраётгани ва унинг самаралари сарҳисоби қайд этилди.

– Аҳоли ва мижозларнинг ҳар бир мурожаати банк раҳбариятининг қатъий назоратига олинган, – деди “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Юридик департаменти бошлиғи Эркин Отабоев. – Мурожаатлар асосли таҳлил қилиниб, уларда кўтарилаётган масалаларнинг ечимини топиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Банкда “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган. Банк бошқаруви ва филиаллар раҳбарларининг фуқаролар учун шахсий қабуллари, шу жумладан, сайёр қабуллари ташкил қилинмоқда. Таҳлилларга кўра, 217 та мурожаат ижобий ҳал қилинган. 1389 мурожаатга тегишли тушунтириш берилган, 27 мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли идора ва ташкилотларга юборилган. Шундан яна 21 мурожаат маълумот учун қабул қилинган бўлса, 15 мурожаат рад этилган.

Якунда банк тизимида бу борада кузатилаётган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш, фуқароларни қабул қилиш, уларнинг ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш сифатини ошириш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

8 012
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА​​