ЎзА Ўзбек

29.10.2012 14:37 Чоп этиш версияси

Муқобил энергия – тежамкорлик манбаи

Наманган вилоятида қуёш батареялари ёрдамида хоналарни ёритиш ва иситиш, биогаз ишлаб чиқариш каби технологияларни жорий қилиш бўйича муайян натижаларга эришилмоқда.

Ўтган йили Уйчи туманининг Ёркатай қишлоғидаги 16-умумтаълим мактабига қуёш нуридан электр энергияси ҳосил қилувчи қуёш батареялари комплекси ўрнатилган эди. БМТ гранти асосида келтирилган мазкур қурилманинг зарур қувватни ҳосил қилиши учун қуёшли куннинг беш соати кифоя қилади. Бу мактабдаги 5 компьютерни ишлатиш, синф хоналарини ёритиш имкониятини яратмоқда. Тўрақўрғон туманидаги 48-махсус мактаб- интернатда эса қуёш қувватидан фойдаланувчи коллектор воситасида сувни иситиш йўлга қўйилди. Бу ерда ошхона, кир ювиш хонаси ва ҳаммом эҳтиёжлари учун бир кеча-кундузда мазкур усулда 600 литр сув иситилмоқда.

– Тошкентдаги “Eko-energiya” илмий марказида ишлаб чиқарилаётган қуёш батареялари экологик жиҳатдан афзаллиги билан кўпчиликка маъқул тушмоқда, – дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Собиржон Мамажонов. – Жумладан, кейинги пайтларда Учқўрғон туманининг Охунбобоев қишлоқ врачлик пункти ва Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйига ана шундай қурилмалар ўрнатилди.

Қайта тикланадиган қувватнинг ушбу турини амалда жорий этиш ва уни такомиллаштириш масалаларига вилоятдаги илмий доиралар ҳам манфаатдорлик билан ёндашаётганликларини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунончи, Наманган давлат университети физика-техника факультетининг физика кафедрасида бу борадаги изланишлар кенг йўлга қўйилган. Кафедра жамоаси пойтахтдаги “Физика-қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатгани ўз самарасини бераётир.

– Илм даргоҳимизда қайта тикланадиган қувватларнинг яна бир тури – биомасса ва биогаз технологияларидан фойдаланиш бўйича ҳам изчил изланишлар давом этмоқда, – дейди ўз шогирдлари билан ушбу йўналишда илмий тадқиқот олиб бораётган доцент Анваржон Пўлатов. – Бу борадаги хулосаларимиз Фанлар академиясининг тегишли институтларига тақдим этилган.

Шунингдек, вилоят табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион лойиҳалар, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишни қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чортоқ туманидаги “Чортоқ ипаги” фермер хўжалигида иситишда муқобил энергия манбаи – биогаз ишлаб чиқариш технологиясининг жорий қилиниши бу борадаги амалий ишлардан биридир. Органик чиқиндилардан анаэроб, яъни ҳавосиз муҳитда ачитиш усули билан газ ёнилғиси ҳосил қиладиган қурилма ишга туширилиб, унинг ёрдамида фермернинг бир гектарга яқин иссиқхонасида ноз-неъматлар етиштирилмоқда. Биогаз қурилмаси кунига 150 кубометр табиий газ ҳосил қилиш қувватига эга. Ёнувчан газ таркибининг 70 фоизи метандан иборат бўлиб, унинг ёрдамида иссиқхонада экинлар парвариши учун талаб этиладиган мўътадил ҳароратни сақлаб туриш мумкин. Фермер муқобил энергия манбаи имкониятларидан оқилона фойдаланиб, эл дастурхонига бодринг ва помидор етказиб бермоқда.

Биогаз қурилмаси атмосферага аммиак ва метан гази чиқишини камайтириб, экологияни яхшилашга хизмат қилади. Бундан ташқари, биогаз ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган органик чиқиндилар қолдиғи ер унумдорлигини оширадиган органик ўғит сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, чорвачилик ва паррандачилик чиқиндиларини анаэробик муҳитда чиритиш йўли билан ёнувчан газ ҳамда экологик тоза биоорганик ўғит олишда қўлланиладиган бундай қурилмалар муқобил энергия манбалари тизимида ўз ўрнини топмоқда. Деҳқон ва фермер хўжаликлари иссиқхоналар ишини йўлга қўйишда уни энг ишончли иситиш воситаси деб билмоқдалар.

Муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш узоқ муддатли истиқболда катта иқтисодий фойда келтириш билан бирга, буғхона эффекти натижасида газ чиқаришни камайтириб, атроф-муҳит софлигини сақлаш орқали экологик барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшади.


ЎзА, Акрамжон Сатторов
9 184