ЎзА Ўзбек

30.10.2012 14:15 Чоп этиш версияси

Мулкдорлик масъулияти

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 36-моддасидан).

Миришкорлик Амир бобо Файзиев бундан чорак аср муқаддам 25 бош қорамол боққани учун қораланиб, қанча таъқибларга учраганини ҳикоя қилади. Чироқчилик асаларичи Абдураҳмон бобо эса ҳалол меҳнат билан топган пулига енгил машина сотиб олиб, боши балодан чиқмаганини эслайди. Бугун улар Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган минглаб фермерлар сингари ўз ери, моли, қўша-қўша техникасига эга мулкдорлардир.

– Қирқ йилдан ортиқ умрим далада ўтди, – дейди Касби тумани Жизза қишлоғилик фермер Карим Чориев. – Эрта тонгдан то қоронғи тушгунча елиб-югуриб ишлабмиз-у, лекин ҳақ-ҳуқуқимиз, турмушимиз, фарзандларимиз келажаги, саломатлигимиз ҳақида ўйламабмиз. Энди билсам, биз, оддий деҳқонларнинг на ерда, на етиштираётган ҳосилимизда ҳаққимиз бўлмаган экан ўшанда. Худога шукрки, ҳозир ўз еримиз бор. Топганимиз ўзимизники, “йиллик отчет”да бирор нарса чиқармикан, деб қараб ўтирмаймиз. Қолаверса, фермерликнинг орқасидан обрў топдик, элимизга нафимиз тегяпти.

Истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли йил сайин ривожланиб бораётган фермерлик ҳаракати бугун мамлакатимиз иқтисодиётида катта кучга айланди. Қишлоқларда замонавий технологиялар билан жиҳозланган ихчам корхоналар барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб, моддий манфаатдорлиги ошиб бораётир.

Касбилик Карим Чориевнинг 2006 йилда ташкил этилган “Чориев Карим Дониёрович” фермер хўжалиги аъзолари пахтачилик ва ғаллачиликда юқори натижаларга эришиб келмоқда. 27 гектар ер билан иш бошлаган хўжаликнинг экин майдони айни пайтда 78 гектарга етди. Фермернинг кўп йиллик тажрибаси, ўзига хос иш услуби самарасида жорий йилда пахта ва ғалладан мўл ҳосил кўтарилди.

– Деҳқончилик учун ҳамма йил ҳам қулай келавермайди, – дейди Карим ака. – Шундай пайтларда ҳақиқий деҳқон баҳона эмас, имкон қидиради. Хўжалигимиз 41 гектар майдонда ғалла, 29 гектар ерда пахта етиштиради. Жорий йилда ғалладан 55, пахтадан 35 центнердан ҳосил олдик. Келгуси йил ҳосили учун 28 гектар ерга “Таня” навли уруғлик дон сочганмиз. Ғалламиз ривожи ёмон эмас. Мўл ҳосилнинг биринчи омили ерни кузда шудгорлашдир. Бундай пайтда ер дам олади, бегона ўтлар уруғи тупроқ остида чириб, табиий ўғитга айланади. Натижада баҳорда бир марта ишлов берилиши билан ер экишга тайёр бўлади.

Тажрибали фермер 2009 йили пахтачиликнинг ўзидан 22 миллион сўм соф фойда олди, 2010 йилни 40 миллион сўм, 2011 йилни эса 57 миллион сўм соф фойда билан якунлади. Хўжаликнинг моддий-техник базаси ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

– Ортиқча югур-югур ва ташвишларсиз замонавий уйга эга бўлишнинг завқи ўзгача экан, – дейди Карим Чориев қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар ҳақида гапириб. – Илгари битта уйни тикка қилиш учун бир кишининг 10-15 йиллик умри кетарди. Шунда ҳам ё битарди, ё кўнгилдагидек чиқмасди. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар бундай ташвишларга барҳам бериб, одамлар турмуш маданиятининг янада юксалишига хизмат қилмоқда. Энди ўғлимга уй қуришим керак, деган ташвишни хаёлдан чиқариб, ўз ишимизни сидқидилдан бажарсак, даромадимизни оширишни ўйласак бўлди: тажрибали бунёдкорлар барча қулайликларга эга замонавий уйни тайёр ҳолда ихтиёрингизга топширади.

Карим ака Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз фаровонлигига ҳисса қўшиб келаётган, истиқлол берган имконият туфайли ўз ери, ўз мулкига эга бўлган минглаб фермерларнинг бири. У Президентимизнинг фермер бой бўлса, юрт фаровон бўлади, деган сўзлари моҳиятини чуқур англайди. Ўзини шу юрт тақдирига дахлдор, мулкдор бўлишни эса, аввало, улкан масъулият деб билади.


ЎзА, Феруз Холмирзаев
8 339