ЎзА Ўзбек

30.10.2012 14:10 Чоп этиш версияси

Муаммолар бартараф этилмоқда

Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Тошвилсувоқова” очиқ акциядорлик жамияти томонидан ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилаётир.

Мазкур жамиятдан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида корхона томонидан жами 24, 63 километр ичимлик суви қувурлари мукаммал, 85, 11 километр узунликдаги қувурлар эса жорий таъмирланган. Беш юздан ортиқ техник, электр жиҳоз ҳамда ускуналар куз-қиш мавсумига шай ҳолатга келтирилган.

Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 20 июнда қабул қилинган «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида вилоятда тегишли тизим ва сув иншоотларининг ҳолати, мавсумга тайёрлиги текширилмоқда. Янги сув узатиш тармоқлари қурилиб, мавжудлари таъмирланаётир.

Намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларга сув қувурлари тортилди. Ўн бешга яқин сув миноралари барпо этилиб, эскирган насослар алмаштирилди. Натижада Бекобод, Зангиота, Паркент, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Бўка, Оққўрғон, Бўстонлиқ ва Чиноз каби туманларда жойлашган кўплаб қишлоқларнинг минглаб аҳолиси, мактаблар, шифохоналар ҳамда турли корхоналарни тоза ичимлик суви билан таъминлаш янада яхшиланди.

“Тошвилсувоқова”га қарашли ВУ-1 туманлараро “Сувоқова” ишлаб чиқариш шўъба корхонаси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича қатор ишлар бажарилди. Жумладан, йигирмата техник ва электротехник жиҳоз ва ускуналар, бир километр сув тармоқлари мукаммал таъмирланди. Кенг кўламли жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Зангиота ва Янгийўл туманларидаги “Ватан”, “Бобур”, “Тўқимачи” каби маҳаллаларни сув билан таъминлашга хизмат қиладиган, яроқсиз ҳолга келиб қолган минг метрдан ортиқ қувурлар янгиланди. Натижада ушбу ҳудудларда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.

Янгийўл туманидаги ВУ-1 туманлараро “Сувоқова” корхонасининг Қўйичирчиқда жойлашган иншоотидаги ўнта қудуқдан суткасига олинаётган ўртача 20 минг куб метр ичимлик суви бир неча босқичда тозаланиб, сув тақсимлаш объекти орқали Зангиота ва Янгийўл туманларининг “Ўртаовул”, “Бўзсув”, “Туркистон”, “Халқобод”, “А.Ортиқов” каби қишлоқ фуқаролар йиғинларига ва ушбу ҳудудлардаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга етказиб берилмоқда.

“Ўртаовул” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Файз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Камолованинг айтишича, бу ерда яшовчи аҳолига ичимлик суви анча вақтдан бери жадвал асосида берилмоқда.

– Бу масала бўйича бир неча марта тегишли идораларга мурожаат қилдик, натижа бўлмади, – дейди ушбу маҳаллада яшовчи Барно Тешабоева. – Оқибатда сувни ташиб ичишга мажбур бўлмоқдамиз.

Бу муаммолар 15-, 16-, 17-, 18-, 19-кўпқаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ва уларни сув билан таъминловчи “Зангиота уй-жой калитли қурилиш” ва ВУ-1 туманлараро “Сувоқова” корхоналари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг ортга сурилаётгани боис юзага келгани аниқланди. Агар бу ердаги кўп қаватли уйларнинг ичимлик суви қувурлари, ускуналари ҳамда канализация сувларини ҳайдовчи станциянинг насос ва двигатели янгиланса, сувни жадвал асосида эмас, доимий равишда етказиб бериш имконияти туғилади. Юқори қаватлардаги хонадонларнинг сув қувурлари алмаштирилса, бу муаммо ҳам ўз ечимини топади.

Юқорида номи келтирилган бу ишларга масъул корхоналар мутасаддилари билан суҳбатлашганимизда, улар мазкур муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилаётганини таъкидлади. “Тошвилсувоқова”дан маълум қилишларича, яқин кунларда сув таъминоти билан боғлиқ бу масала ижобий ҳал этилади.

– Ичимлик суви учун тўловларни вақтида амалга оширмаган бир минг 600 дан ортиқ фуқаро, юздан зиёд корхона ва ташкилот устидан судларга даво аризалари киритилди, – дейди “Тошвилсувоқова” корхонаси юристи Қандилшо Борунов. – Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар натижасида 470 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.

Айни кунларда вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Сувоқова” корхоналари вакиллари, маҳаллалар фаоллари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида қарздорликни камайтириш, бундай ҳолат юзага келишини олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоиз, сув таъминоти хизмати учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш ушбу корхоналарнинг самарали ишлашида муҳим омил бўлади.

Бугунги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган шароитда кўплаб мамлакатларда ичимлик суви тақчиллиги рўй бераётгани, унинг нархи тобора ошиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор. Шукрки, юртимизда бу борада муаммо йўқ. Шундай бўлса-да, ичимлик сувининг қадрига етишимиз, у учун ҳақни вақтида тўлашга одатланишимиз даркор.

Хонадонимизда бир кун сув бўлмаса, қанчалик ташвишга тушишимиз, кайфиятимиз қандай бузилишини тасаввур қилиб кўрайлик. Шундай экан, сувни тежашга, бу бебаҳо неъматни қадрлашга ўрганайлик. Бу ҳам халқимиз турмуш фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиётига қўшган ҳиссамиз бўлади.


ЎзА, Холмурод Салимов
8 160