Мошни экспорт қилиш бошланди
Шу йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Сирдарёвилояти фермер ва деҳқонлари хорижлик компаниялар билан 63 миллион долларлик шартнома имзолади.
Шу йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Сирдарёвилояти фермер ва деҳқонлари хорижлик компаниялар билан 63 миллион долларлик шартнома имзолади.Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчи ва экспортчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мева-сабзавот ярмаркасида Сирдарё вилоятидаги экспортчи корхона ва фермер хўжаликлари томонидан 100 минг тонна мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш бўйича шартномалар имзоланди.
– Халқаро ярмаркада хорижлик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик мош етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга эришдик, – дейди “Сирдарынский берег” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ботир Исмоилов. – Ўтган қисқа вақт ичида 1 миллион долларликдан зиёд маҳсулот Озарбайжон, Россия ва Ҳиндистон давлатларига етказиб берилди. Айни пайтда Боёвут, Гулистон, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида 1 минг 500 гектар майдонга такрорий экин сифатида мошнинг янги “Дурдона” нави экилган. Тик ўсадиган ва 70 кунда пишиб етиладиган бундай мошнинг афзаллиги шундаки, унинг ҳосили комбайн ёрдамида ўриб олинади.
Корхона Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба ва Сирдарё туманларидаги бир қатор фермер хўжаликларига мош уруғини етказиб бериб, улар билан контрактация шартномалари имзолаган. Мошни тозалаш, қайта ишлаш, навга ажратиш ва қадоқлаш жараёнлари корхонанинг ўзида амалга оширилади.