ЎзА Ўзбек

31.10.2012 12:37 Чоп этиш версияси

Модернизация самараси

Наманган вилоятида ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётир. Жорий йилда экспорт қилинган маҳсулот миқдори 60 миллион АҚШ долларидан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоиз кўпдир.

Бунда вилоятдаги кўплаб корхоналарда тегишли дастурлар асосида амалга оширилаётган модернизация ҳамда маҳаллийлаштириш ишлари муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Чуст шаҳридаги “Styletextile” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш бўйича яна бир лойиҳа амалга оширилди.

Мазкур корхона вилоят экспорт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётир. “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхонада ишлаб чиқарилаётган трикотаж кийим-кечаклар сифати ва замонавий дизайни билан тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқараётган маҳсулотини тўла экспорт қилаётган ушбу корхонага, ташқи бозорнинг ўсиб бораётган талабларидан келиб чиққан ҳолда, 150 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди ва Австриянинг матога безак берувчи замонавий технологик линияси ўрнатилди. Бу эса маҳсулотлар дизайнини такомиллаштириш имкониятини янада кенгайтирди.

Корхонада модернизация жараёнидан сўнг ишлаб чиқариш қуввати ортиб, ишловчилар сони 110 нафарга етди. Натижада, жорий йил бошидан буён ташқи бозорга 1,4 миллион долларликдан зиёд трикотаж маҳсулотлари чиқарилди.


ЎзА, А.Сатторов
7 713