Модернизация ишлари самараси
Жорий йилда 140 километрлик Мароқанд-Қарши йўналишидаги темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланиб, Қарши шаҳрига “Afrosiyob” электропоезди қатнови йўлга қўйилди.
Жорий йилда 140 километрлик Мароқанд-Қарши йўналишидаги темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланиб, Қарши шаҳрига “Afrosiyob” электропоезди қатнови йўлга қўйилди. Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда темир йўллар қуриш, реконструкция қилиш, юк ва йўловчи ташишни модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги яна бир ифодасидир.Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг жорий йил тўққиз ойлик якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.
Темир йўл станцияларидан ортилган юк ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 фоизга кўпайиб, 50,3 миллион тоннани ташкил этди. 15,6 миллион йўловчига хизмат кўрсатилиб, ўсиш 3,8 фоизни ташкил қилди. 262 миллион долларга тенг экспорт хизматлари кўрсатилди.
Акциядорлик жамияти корхоналарида 300,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ўтган даврда Мароқанд-Қарши, Қарши-Термиз, Самарқанд-Бухоро темир йўл участкаларини электрлаштириш, Тошкент-Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ҳаракатини такомиллаштириш, икки йўлли Жиззах-Янгиер электрлаштирилган янги темир йўлини қуриш, темир йўлларни реабилитация қилиш, юк ва йўловчи вагонларини янгилаш, локомотивларни модернизация қилишда 609,2 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди.
Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 302,8 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, режа 108,0 фоизга бажарилди.
– Мазкур янги темир йўл тармоғи лойиҳасининг 104 километрида барча қурилиш ишлари тугатилди, – дейди Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилиши лойиҳа раҳбари Наврўз Эркинов. – Хусусан, бурғулаш-портлатиш, тупроқ ишлари, рельслар ётқизиш, электрлаштириш, кўприк, вокзал ҳамда станциялар қуриш ишлари амалга оширилди.
Матбуот анжуманида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Маҳаллийлаштириш дастури асосида маҳсулот ишлаб чиқариш, битирувчиларни иш билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.