Саноат корхоналарини модернизация қилиш ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда
Мамлакатимизда саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Фарғона вилоятида ҳам бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар юксак самаралар бермоқда.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, мавжуд саноат корхоналарининг босқичма-босқич модернизация қилинаётгани технологик жараёнларни янгилаш, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳаллий бозорни импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир.
Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга қаратилган эътибор натижасида вилоятда кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлар, тўқимачилик, кийим-кечак, озиқ-овқат, чарм ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми янада ортди. Инвестиция дастури доирасида 138,6 миллиард сўмлик маблағлар ўзлаштирилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 1 минг 138 лойиҳа амалга оширилди.
Ўзбекистон туманидаги “Turon eco cement” корхонасида йилига 100 минг тонна, Фарғона туманидаги “Fergana Аsiana” қўшма корхонасида йилига 3 минг 600 тонна ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қўқон шаҳридаги “Индорама Қўқон текстиль” корхонасида тўртинчи босқич ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада ошишига эришилди ҳамда қўшимча 280 янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда енгил саноат тармоғи ҳам ривожланмоқда. Технологиялари маънавий эскирган пахтани қайта ишлаш корхоналарида амалга оширилган модернизация ишлари соҳада жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган сифатли тола ишлаб чиқариш имконини берди. Бунинг самарасида ана шу турдаги рақаботбардош маҳсулотлар экспорти ҳажми ошди. Маҳаллий енгил саноат корхоналарини сифатли тола ва ип-калава билан узлуксиз таъминлаш учун қулай шароит яратилди.
Айни пайтда қўшма ва хусусий корхоналарга замонавий ускуналар ўрнатилаётгани иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси корхоналарни технологик янгилаш, маҳаллий хомашёдан харидоргир, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Риштон туманидаги “RusO’zbekteks” масъулияти чекланган жамиятида модернизация ишлари амалга оширилиб, маҳсулот сифати янада яхшиланди. Корхонанинг замонавий технологиялар билан жиҳозлангани рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Йилига 4 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга корхонада 400 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.
– Ип-калава маҳсулотларимизга ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда, – дейди корхона раҳбари Олимжон Олимов. – Ўтган давр мобайнида 2 миллион 957 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 2016-2017 йилларга мўлжалланган мақсадли дастурга асосан корхонамизда учинчи босқич модернизация ишлари амалга оширилаётир. Унга кўра, жорий йилда умумий қиймати 400 минг долларлик илғор технологиялар ўрнатилади.
Корхонада замонавий ускуналарни юксак маҳорат билан бошқараётган ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.