ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:39 Чоп этиш версияси

Мижозларнинг банкларга ишончи ортмоқда

Банк хизматлари – тадбиркорлар эътирофида

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази оилавий бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда банк тизимининг ўрни ҳамда жойларда аҳоли ва ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон банк тизимига ишончи ҳақида сўров ўтказди.

Сўровда аҳоли кенг қатлами вакиллари – турли маълумотга эга, турли ёш ва миллатга мансуб эркаклар ҳамда хотин-қизлар иштирок этгани олинган натижаларнинг ишончлилигини таъминлади.

Тадқиқот мамлакатимиз банк-молия тизимининг барқарор ривожланаётгани, мижозларга таклиф этилаётган хизматлар сифати ва кўлами ортиб бораётганини кўрсатди. Сўровда қатнашган аксарият юртдошларимизнинг фикрича, банкларимиз томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш маданияти юксалаётгани натижасида аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига ишончи тобора ошмоқда.

Бу эса, авваламбор, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган, бутун дунёда “ўзбек модели” дея эътироф этилган изчил ислоҳотлар самарасидир. Тараққиётнинг ушбу модели глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам ўзининг барқарорлигини намоён этди. Қулай инвестиция муҳити яратиш, корхоналарни модернизациялаш ва молиявий соғломлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилаётир.

Мамлакатимиз молия муассасаларининг капиталлашуви ва ликвидлиги ошиб, банкларимиз нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” рейтинг даражасига эга бўлмоқда. Бу мижозларга кўрсатилаётган хизматларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Сўровда иштирок этганларнинг 91,3 фоизи банк хизматлари кўрсатиш сифати ва маданияти сезиларли даражада юксалганини, банк филиалларида мижозларга қулай шароитлар яратилганини, банк амалиётлари ўз вақтида бажарилаётганини эътироф этган.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг банк депозитларига қўйган маблағларининг ишончли сақланиши, эгаларига фоизли даромадлар билан ўз вақтида қайтарилиши банк тизимига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, сўралганларнинг 94,3 фоизи мамлакатимиз банкларига ишончи юқорилигини билдирган бўлса, уларнинг аксарияти банклардаги омонатлар давлат томонидан тўлалигича кафолатланганлиги сабабли ўзларининг бўш пул маблағларини тижорат банкларига омонатга қўйиб келаётганлигини таъкидлаган.

Шунингдек, сўровда қатнашганлар банкларда электрон тўлов тизимининг самарали йўлга қўйилганлигидан, ҳисобрақамлардан пул маблағларини кўчиришда муаммо йўқлигидан, интернет-банкинг, смс-банкинг, мобиль-банкинг каби операцияларни масофадан бошқариш хизматлари таклиф этилаётганлигидан мамнун эканликларини билдирганлар. Ўз навбатида, ушбу қулай хизмат турларини янада кўпайтириш, айниқса, қишлоқ жойларда кенгроқ жорий этиш зарурлигини қайд этганлар.

Тадбиркорлик субъектларининг 91,2 фоизи банкларнинг кредит сиёсатидан мамнунлигини, бу борада маслаҳатлар бериш ва хизмат кўрсатиш ишлари яхши йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаган. Айниқса, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Халқ банки”, “Агробанк”, “Асакабанк”, “Микрокредитбанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк”нинг бу борадаги фаолияти алоҳида қайд этиб ўтилган.

Сўров жараёнида банклар мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга давлат дастурларининг амалга оширилишида ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга доир лойиҳаларни зарур маблағ билан таъминлашда фаол иштирок этаётганлиги ҳам кўпчилик томонидан эътироф этилган.

Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни, аёллар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилаётганлиги сўровда иштирок этганлар томонидан таъкидлаб ўтилган.

Кредит таъминотига доир саволларга берилган жавоблар таҳлили банклар томонидан микрокредитлар ажратишда гуруҳ кафиллиги, ота-она ёки бошқа яқин қариндошларнинг кафиллиги каби таъминотнинг бирмунча енгил турлари жорий этилгани ўз ишини бошлаган тадбиркорлар, айниқса, ёшлар учун жуда қўл келаётганлигини кўрсатди. Буни сўров қатнашчиларининг қарийб 93 фоизи тасдиқлаган.

98,5 фоиз иштирокчи тижорат банклари томонидан ажратилаётган имтиёзли микрокредитлар жойларда, айниқса, чекка қишлоқларда тадбиркорларнинг бошланғич сармоясини шакллантиришга замин яратаётганлигини, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшаётганлигини қайд этган. Уларнинг фикрича, тадбиркорликнинг турли йўналишлари – маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ташкил этишда микрокредитлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Нисбатан кам суммали бундай кредитларни қайтариш қийинчилик туғдирмайди.

Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришда берилаётган имтиёзли кредитларнинг қандай самара бериши ҳақида сўралганида, иштирокчиларнинг 97,2 фоизи ушбу маблағлар ёшларнинг ўз режаларини амалга оширишида, ўзи ва тенгдошларини иш билан таъминлашида муҳим ўрин тутаётганини айтган.

Жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига оид бизнес лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилаётган кредитлар самарасига ҳам сўров жараёнида алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу кредитлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётгани таъкидланган.

Сўровда қатнашганларнинг 97,1 фоизининг фикрича, аёллар тадбиркорлиги учун ажратилаётган кредитлар хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада мустаҳкамлашга, ўз оилалари даромадларини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, айниқса, қишлоқ аёлларининг меҳнат шароитини яхшилашга салмоқли ҳисса қўшаётир.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлардандир. Бу борадаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини, имтиёз ва қулайликларни аҳолига тушунтириш мақсадида кўплаб учрашув ва семинарлар ўтказилмоқда. Сўров иштирокчиларининг 93,3 фоизи шундай мулоқотларда қатнашганини ва ўзи учун зарур маълумотларга эга бўлганини қайд этган.

Шу билан бирга, жойларда аҳоли ва тадбиркорлар билан бу каби тадбирларни кўпроқ ташкил этиш, уларга мутасадди вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланган.

Сўровда тижорат банкларининг интерфаол хизматлари, банкомат ва инфокиоск каби ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмалари, истеъмол ва таълим кредитлари, “ишонч телефонлари” фаолияти ҳақида ҳам ижобий фикрлар айтилган. Банкларнинг бу борадаги фаолиятини янада ривожлантириш ва хизматлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилган.

Бугун мамлакатимизда тўққиз мингдан зиёд банк инфратузилмаси аҳоли ва корхоналарга молиявий хизматлар кўрсатмоқда. Банкларнинг кредит ресурслари устувор равишда ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни доимий иш билан таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга йўналтирилмоқда. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайиб, сифати ошиб бораётганини кўрсатди. Бу халқимиз фаровонлигини ва мамлакатимиз тараққиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.


ЎзА, А.Самадов
13 596