ЎзА Ўзбек

09.08.2020 Чоп этиш версияси

​Мингбулоқ қовунлари Европага экспорт қилинади

​Мингбулоқ қовунлари Европага экспорт қилинади

Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 2020-2021 йиллар мобайнида Мингбулоқ туманида умумий қиймати 552 миллиард сўмга тенг 129 та лойиҳа амалга оширилиши ва 2 минг 200 дан кўпроқ иш ўрни яратилиши белгиланган. Йилнинг ўтган даврида 22 миллиард сўмлик 34 та лойиҳа ишга туширилиб, уларда 150 киши иш билан таъминланди.

Эътиборлиси, туман тадбиркорлари ташаббуси билан маҳаллий имкониятлардан оқилона фойдаланиб, нафақат туман ёки вилоят, балки мамлакат миқёсида катта аҳамиятга эга лойиҳаларга киришилаётганидир. Жумладан, “Мингбулоқ экспорт агро томорқа хизмати” томонидан Қолгандарё массивида 100 гектар майдонда қовун етиштириш, уларни сублимация усулида қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳада 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши, тайёрланган маҳсулот эса Европа давлатлари, БАА, Россия, Хитой ва Индонезияга экспорт қилиниши, экспорт ҳажми эса 4,3 миллиард долларни ташкил этиши кўзда тутилган. 

IMG_6200.JPG

Снимок.JPG

Тумандаги Мадяровул маҳалласида тадбиркор С. Олимжонов томонидан сиғими 500 тоннали музлатгич омбор ва савдо мажмуаси барпо этилмоқда. Тадбиркорнинг уч миллиард сўм сармояси билан қурилаётган мажмуа таркибидаги тикувчилик цехи, савдо ва маиший хизмат шохобчаларида 50 киши иш билан таъминланади.

Шунингдек, “Green House” хусусий корхонаси томонидан 5,8 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиб, 1 минг 500 тонна помидор ва 100 тонна қулупнай етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона ва музлатгич омбори, Ҳайитобод маҳалласида бир гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштириш ва 200 ўринли кемпинг қуриш, Бирлашган маҳалласида бир йилда 10 мингта автомобилга полировка ва детейлинг хизмати кўрсатиш каби кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

9 739
Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА