Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 14:58 Чоп этиш версияси

2 минг янги иш ўрни яратилади

Андижон шаҳридаги собиқ “Андижонмаш” акциядорлик жамияти ҳудудида ташкил этилган саноат зонасида 15 лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида ер майдони 19,16 гектар бўлган ушбу саноат зонасида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар билан танишиб, зарур кўрсатма ва топшириқлар берган эди.

Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан умумий қиймати 127 миллиард сўмлик енгил саноат, электрокабель, чарм-пойабзал маҳсулотлари, дори-дармон воситалари, эшик-ром, мебель, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган 15 лойиҳа амалга оширилиши, 2 минг янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Ўтган қисқа вақт ичида Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан тадбиркорлар, мутасадди ташкилотлар ва банклар ҳамкорлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида саноат зонасида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари иш бошлади.

2009 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Андижон шаҳридаги “Саркор юксак ривожи” масъулияти чекланган жамияти асосан замонавий эшик-ром ишлаб чиқаради. Жамият ўз биносига эга бўлмагани учун ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконияти ҳам йўқ эди. Саноат зонасидан мазкур корхонага фойдаланилмай турган бино “ноль” қийматда ажратилди. Бу корхонанинг янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кенгайтирди.

– Қисқа муддатда бу ерда қарийб 1 миллиард сўмлик таъмирлаш-жиҳозлаш ишлари бажарилди, – дейди “Саркор юксак ривожи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муроджон Тўхтасинов. – Хитойдан қўшимча 10 замонавий дастгоҳ келтирилиб, ишга туширилди. Натижада корхонамизда эшик-ром ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулотимиз сифати янада ортди. Бундан ташқари, янги лойиҳага кўра, импорт ўрнини босувчи 5 турдаги тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Эндиликда ойига ўртача 450-500 миллион сўмлик ана шундай маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда амалга оширилган янги лойиҳа бўйича импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилиб, 20 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Шу кунларда саноат зонасида тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Анд брон инфо” хусусий корхонаси ҳамда пластмасса буюмлар ишлаб чиқарувчи “Лиотстиль элит” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади. Йил охирига қадар ҳудудда яна қатор лойиҳалар ишга туширилади.

Вилоятда саноат зоналари ташкил этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, умуман, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифати юксалиб, экспорт ҳажми ортмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 234






Все о погоде - Pogoda.uz