ЎзА Ўзбек

03.12.2018 16:22 Чоп этиш версияси

Миллионлаб даромад, юзлаб янги иш ўрни

Миллионлаб даромад, юзлаб янги иш ўрни

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 64 та қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган иншоот тадбиркорларга 60 миллиард 263 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилди. Бу 850 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Мамлакатимизда хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бандлик масаласини ҳал этиш каби муҳим масалаларга йўналтирилган бу жараён аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Вилоятда инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилган бино ва иншоотлар негизида салоҳиятли тадбиркорлар турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳолига замонавий хизматлар кўрсатишни йўлга қўймоқда.

– Президентимиз жорий йил 19-20 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида бўш турган 37 давлат мулки обьектига салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш юзасидан тегишли вазифалар топширган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Э.Эшкелдиев. – Шунга мувофиқ, мазкур объектлар инвестиция жалб этиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. Айни пайтда ушбу объектларга эгалик қилган хусусий сектор вакиллари белгиланган муддатларда янги қувватларни ишга тушириб, олган мажбуриятини бажараётир. Масалан, Олтинсой туманидаги собиқ “276-МКЖ”нинг эски биносини тумандаги кўп тармоқли “Нормуҳаммад” савдо-ишлаб чиқариш хусусий фирмаси икки йилда 550 миллион сўм сармоя киритиб, ўнта янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида олган эди. Ҳозир тадбиркор иншоотни бетон ғишт ва токзор учун бетон устунлар ишлаб чиқаришга мослаштирмоқда, бўш турган ер майдонида иссиқхона барпо этаётир.

Вилоятда хусусийлаштирилган, фаолияти тўхтаб қолган ёки бинолари бўш турган хўжалик юритувчи субъектлар атрофлича ўрганилиб, улардан самарали фойдаланиш мақсадида тадбиркорларга инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилаётгани сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, ҳудудни янги босқичда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Жумладан, вилоят ҳудудий комиссияси Денов тумани Даҳана маҳалласида бўш турган бино ва иншоотларни тадбиркорларга “ноль” харид қийматида инвестиция киритиш, янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан берди.

“Денов Шаҳриёр” хусусий корхонаси 1 миллиард сўм сармоя сарфлаб, замонавий ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш ва ўнта янги иш ўрни ташкил этишни ўз зиммасига олди. Ишбилармон 150 миллион сўмга яқин инвестиция киритиб, объектни тубдан таъмирлади. Шеробод туманидаги “Вандоб” шифо-оромгоҳининг бўш турган биринчи, учинчи ва тўртинчи бинолари “ноль” харид қийматида “Бешбулоқ сув” оилавий корхонасига 1 миллиард 200 миллион сўм инвестиция киритиш ва 60 янги иш ўрни яратиш шарти билан хусусий мулк қилиб берилган эди. Шу кунгача тадбиркор 700 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаб, замонавий технологиялар асосида шифобахш булоқ сувини қадоқлаш линиясини ишга туширди. Ўнга яқин кишининг бандлиги таъминланди. Айни пайтда оромгоҳ барпо этилмоқда.

Жарқўрғон тумани Порлоқ юлдуз маҳалласидаги собиқ болалар поликлиникасининг бўш турган биносини тумандаги “Бакумов Медигал” хусусий корхонаси бир йилда 310 миллион сўм инвестиция жалб этиб, 10 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти эвазига “ноль” харид қийматида харид қилган.

– Фойдаланилмай турган бинода хусусий клиника қуришни мўлжаллаганмиз, – дейди хусусий корхона раҳбари Н.Нормуродова. – Ҳозиргача 423 миллион сўм маблағ эвазига бино тубдан реконструкция қилинди. Ўз бизнесимизни йўлга қўйиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун тижорат банкининг кредит маблағидан ҳам самарали фойдаланмоқдамиз. Шартномага кўра, янги шифо маскани янги йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади. 10 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Ангор туманидаги собиқ иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бўш турган бир қаватли учинчи ўқув биноси ҳам жорий йилда “ноль” харид қийматида хусусийлаштирилди. Унга “Бойсун-фарм” ЭИЗ таркибига кирган “Ангор-фарм” МЧЖ 2 йилда 1 миллиард сўм инвестиция киритиш, ўндан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш мажбурияти билан “ноль” харид қийматида эгалик қилди. Фармацевтика учун биологик фаол қўшимча ва мазлар ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этаётган тадбиркор қарийб 700 миллион сўм маблағ сарфлаб, бинода қурилиш-ободонлаштириш ишларини бажарди. Келаси йили мазкур корхона ҳам ишга туширилиб, юртдошларимиз саломатлиги йўлида хизмат қила бошлайди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА​
3 749