Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 16:04 Чоп этиш версияси

Мева-сабзавотчиликни ривожлантиришда Ўзбекистон тажрибаси

Пойтахтимизда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, БМТнинг Жануб-жануб хамкорлиги бошқармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро семинар шу мавзуга бағишланди.

Унда БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Ислом тараққиёт банки масъул ходимлари, Венгрия, Марокаш, Судан, Туркия, Тунис, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда юртимиздаги халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари О.Мустафоев, БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси араб, Европа ва МДҲ давлатлари бўйича ҳудудий бўлими раҳбари Э.Бахшиш ва бошқалар Ўзбекистонда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолининг мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ички имкониятлар ҳисобидан қопланиши баробарида, экспорт салоҳияти ҳам ошиб бораётганини таъкидлади. 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва уларни кайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинаётгани бунинг исботидир.

Мамлакатимизда яратилган қулай шарт-шароит, имтиёзлар ҳамда дехқону фермерларнинг фидокорона меҳнати туфайли барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда.

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида мева ва узумнинг 40 дан ортиқ серҳосил нави яратилиб, давлат реестрига киритилди. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқикот институтининг селекционер олимлари томонидан ҳар хил муддатда пишадиган ҳосилдор, юқори сифатли ҳамда касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 41, полизнинг 5, картошканинг 6 янги нави яратилди.

– Ўзбекистонда биохилма-хилликни таъминлаш, экологик тоза маҳсулот етиштириш борасида етарлича тажриба мавжуд, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Хелена Фрасер. – Мамлакатингизда етиштирилган мева-сабзавотлар саломатлик учун муҳим бўлган микроэлементлар ва витаминларга бойлиги билан ажралиб туради. Биз бу бордаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.

– Биз Ўзбекистоннинг аграр тармоқда эришган бой тажрибасидан хабардормиз,– дейди Венгерия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Лилла Эгри. – Айниқса, боғдорчилик соҳасида ўрганса арзийдиган кўплаб ютуқлар бор. Кейинги йилларда балиқчилик борасида ҳам ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ниятидамиз.

Семинарда Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик соҳасида тўпланган тажрибалар, сабзавот-полиз маҳсулотларининг истеъмол сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, мева ва узумнинг рақобатбардошлик жиҳатлари каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Семинар қатнашчилари Самарқанд вилоятидаги интенсив боғлар, қайта ишлаш корхоналарига ташриф буюради.

Сайёра Шоева, ЎзА
4 004






Все о погоде - Pogoda.uz