Мева-сабзавот мўл бўлади
Жиззах вилоятида 2015 йилда 827,7 минг тонна мева-сабзавот етиштирилди.
Жиззах вилоятида 2015 йилда 827,7 минг тонна мева-сабзавот етиштирилди.Жиззах тумани Қўшбармоқ қишлоғида яшовчи Нуртошевлар оиласи деҳқончилик ҳадисини олган. Ҳовлидаги 4 сотих иссиқхонада лимон, помидор бодринг ва турли кўкатлар етиштираётган хонадон соҳиблари йилига 10 миллион сўмдан зиёд қўшимча даромад қилмоқда.
Оила бошлиғи Мамараим Нуртошев уч йил аввал фарзандлари, набиралари билан яна бир хайрли ишга қўл урди. Бахмал туманида 27 гектар майдонда интенсив боғ яратди. Айни пайтда бу ерда ўстирилаётган 10 минг тупдан зиёд ярим пакана олма, нок, шафтоли, ўрик, олча, олхўри каби кўчатлар бу йил тўлиқ ҳосилга киради.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда, – дейди Мамараим ака. – Ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. Ишлайман, тадбиркорлик қиламан, десангиз, барча шароит муҳайё. Айниқса, қишлоқ хўжалигида ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Ахир она заминимизнинг ҳар қаричи тиллога тенг.
Ўтган йили вилоят миришкорлари 100 минг тоннадан зиёд мева, 50 минг тоннага яқин узум, 360 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 240 тонна полиз маҳсулотлари етиштирди.
– 2016 йилда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш ва уни экспорт қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди, – дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Тоҳир Абдуназаров. – Унга кўра, жорий йилда 977,3 минг тонна мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум етиштириш режалаштирилган. Шундан 45,8 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинади. Бунинг учун 2016 йилда 14,5 минг гектар майдонда сабзавот, 8,5 минг гектар майдонда полиз маҳсулотлари, 3,1 минг гектар ерда картошка етиштирилади. 13,6 минг гектар боғ ва 4,9 минг гектар ток қатор ораларининг 6,2 минг гектарига сабзавот экилади.
2016 йил учун тузилган мазкур дастурда белгиланган тадбирларни амалга оширишга ўтган йилнинг кузидан бошлаб киришилди. Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси маълумотларига кўра, 2015 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 2 минг 450 гектардан ортиқ майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай усулда экилган сабзавот уруғи эрта кўкламда барвақт униб чиқади, тез ривожланади. Уруғ экилган эгатлар устига маҳаллий ўғит, қипиқ ташланса ёки плёнка билан қопланса, ниҳол янада тез ўсади. Натижада ушбу экинлар эрта баҳорда экилганига қараганда 30-40 кун олдин етилади. Ҳосилдорлик 15-20 фоиз ортади.
Мавжуд 13 минг 551 гектар боғнинг 13 минг 85 гектари қатор ораси ҳайдалиб, суғорилди, маҳаллий ўғит ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. Айни пайтда боғларда зараркунанда ҳашаротларга қарши ишлов, дарахтларга шакл бериш ишлари давом эттирилаётир.