ЎзА Ўзбек

13.07.2018 16:03 Чоп этиш версияси

Металлни қайта ишловчи корхона иш бошлади

Пойтахтимизнинг Бектемир туманида Европа стандартлари асосида тўқимачилик жиҳозлари учун бутловчи қисмлар ва металл конструкциялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Metаl Processing” қўшма корхонаси иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги масъуллари, Швейцария федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Йоҳанн Шнайдер-Амман бошчилигидаги делегация, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Янги корхонада 35 киши иш билан таъминланди. У тўла қувват билан иш бошлагач, мутахассислар сони 60 нафарга етиб, йилига 760 тонна металлни қайта ишлаш имконияти пайдо бўлади. Енгил саноат корхоналари учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан шуғулланадиган мазкур завод келгусида талабга қараб бошқа соҳалар учун ҳам зарур деталлар ишлаб чиқаради.

– Замонавий металлни қайта ишлаш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга, – дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи У.Ваҳобов. – Ушбу технологик тизим 1 дан 12 миллиметргача бўлган металл листларга турли шаклда ишлов бериш имкониятига эга. Корхонамиз биринчи босқичда 600 турдаги, тўлиқ ишга тушгач эса 1 минг 24 турдаги детални тайёрлашга ихтисослашади.

Ҳозир заводда 6 та махсус бўлим фаолият юритмоқда. Жумладан, тайёрлов қисми, юқори сифатли лазерда кесиш, пайвандлаш, кукунли бўяш тизими ва сифат назорати каби бўлимларда иш қизғин. Лойиҳа биринчи навбатда ички бозор эҳтиёжини қондиришга мўлжалланган. 2020 йилдан экспортни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Тадбир якунида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва "Rieter Group" компанияси ўртасида Ўзбекистон енгил саноат тармоғи корхоналарига корпоратив менежментни жорий этиш бўйича меморандум имзоланди.

А.Мусаев, ЎзА
5 198