ЎзА Ўзбек

02.06.2019 Чоп этиш версияси

Медведев: Ўзбекистонда атом электр станциялари қурилиши бўйича умумий битим йил охиригача тайёрланади

Медведев: Ўзбекистонда атом электр станциялари қурилиши бўйича умумий битим йил охиригача тайёрланади

Ўзбекистонда атом электростанцияларини қуриш тўғрисидаги умумий битим 2019 йил охиригача тайёрланиши керак, бундан кейин лойиҳанинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари аниқланади. ТАССнинг хабар беришича, бу ҳақида Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонга қилган ташрифидан сўнг “Вести в субботу” дастурига берган интервьюсида маълум қилган.

“Биз бу йил охиригача аниқ дизайн асосида атом станцияси қурилиши бўйича умумий шартнома тузишимиз керак”, - деган Россия бош вазири.

Унинг таъкидлашича, шундан сўнг, турли жиҳатларни, жумладан иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқиш керак бўлади. “Бунинг натижасида қурилишнинг вақтинчалик параметрлари пайдо бўлади”, деди у биринчи ўзбек АЭС қурилиши лойиҳасининг тахминий муддати ҳақидаги саволга жавоб бераётиб. “Бу тез амалга ошадиган жараён эмас. АЭС қурилиши жуда тез бўлмайди. Чунки, атом электростанциясини қуриш мураккаб технологик лойиҳадир”, деди Медведев.

Россия ҳукумати раҳбари шунингдек, Россия Федерацияси Ўзбекистонда атом электростанциясини қуришга тайёргарлик кўраётганлигини ва томонлар баъзи параметрларни, хусусан, атом электр станциялари қурилиши учун жойни тасдиқлаганлигини ҳам қўшимча қилди. Бу 30 май куни Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзатом” агентлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, 2018 йилнинг августидан шу йилнинг март ойига қадар АЭС қурилиши учун ажратилган тахминий майдонларда муҳандислик-тадқиқоти ишларининг биринчи босқичи амалга оширилган. Хусусан, мазкур йўналишдаги ишлар Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакул сув омбори яқинидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган 3 та майдонда олиб борилди ва АЭС қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.

Ҳозирги кунда танланган майдонни тасдиқлаш ҳамда лицензиялаш борасида муҳандислик тадқиқот ишларининг иккинчи босқичи давом эттирилмоқда.

4 411
Н. Тошпўлатова, ЎзА