ЎзА Ўзбек

07.03.2019 20:10 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёнинг «Шенген» визасига Озарбайжон ва Туркия қўшилиши мумкин – эксперт

Марказий Осиёнинг «Шенген» визасига Озарбайжон ва Туркия қўшилиши мумкин – эксперт

Марказий Осиёнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақиқатда улкан ва бугунги кунда ушбу минтақа мамлакатлари бу салоҳиятдан фойдаланиши уларнинг иқтисодий мақсадларига эришишига ёрдам бериши мумкинлигини англаб етмоқда.

Минтақада туризмни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар тобора кўпаймоқда: 21-22 февраль кунлари Тошкентда дунёнинг қарийб 20 давлати вакилларини тўплаган Учинчи халқаро гидлар форуми бўлиб ўтди, 21-23 февраль кунлари эса Бухорода зиёрат-туризми бўйича илк халқаро форум ташкил этилди. Бироқ минтақанинг сайёҳлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асосий лойиҳа Дарига Назарбоеванинг Шенген визасининг Марказий Осиёдаги муқобили бўлган “Ипак виза”си бўлди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институти “Замонавий тарих ва халқаро тадқиқотлар” бўлими мудири ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Равшан Назаров “Евроосиё. Эксперт”га интервьюсида мазкур лойиҳа минтақага нима бериши, унга қайси давлатлар қўшилиши мумкинлиги ва унинг хавфлари ҳақида сўзлаб берди.

– Равшан Ринатович, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг туризм соҳасидаги муносабатлари қай даражада деб ҳисоблайсиз?

– ​Буюк Ипак йўли бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. Минтақа ноёб ва ақл бовар қилмас даражада бой тарих, табиат, урф-одат ва маданиятларга асосланган туризм ва сайёҳлик маҳсулотлари бўйича улкан салоҳиятга эга. 1993 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Буюк йўлини сайёҳлик концепцияси сифатида ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича узоқ муддатли лойиҳанинг ташаббускори бўлди.

1994 йилда 19 давлат вакиллари тарихий Ипак йўли бўйлаб туризм бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилди. Шунингдек, барча вакиллар, ташкилотлар ва хусусий сектор субъектлари фойдаланиши учун махсус логотип тасдиқланди.

2002 йилда иштирокчилар Ипак йўли бўйлаб туризм бўйича Бухоро декларациясини қабул қилди. Ҳужжатда барқарор туризм келтирадиган фойда алоҳида қайд этилган ҳамда Ипак йўлида жойлашган шаҳарларда маданий ва экологик туризмни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

2004 йилда Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида Ўзбекистон ҳукумати томонидан Ипак йўлининг сайёҳлик бюроси очилди.

1997 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан Ипак йўли бўйидаги туризмга оид рисола чоп этилди. Ушбу нашр лойиҳада иштирок этаётган барча мамлакатлар томонидан юқори баҳоланди. Унда Марказий Осиё минтақасининг сайёҳлик салоҳиятига доир билимларни янада кенгайтириш мақсадида Ипак йўлининг ягона минтақа сифатидаги сайёҳлик маҳсулотлари, ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлари тўғрисидаги кенг маълумотлар ўрин олган.

– ​Минтақа мамлакатлари бошқа давлатлар сайёҳларини нимаси билан ўзига жалб қилади? 

– ​Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда макройўналишни ташкил этади. Қатор сайёҳлик операторлари Марказий Осиё сайёҳлик йўналишига шунингдек Озарбайжон, Хуросон, Мўғулистон, Синьцзнь (Хитой), Тибетни ҳам қўшадилар. 2004 йилда 8 миллион халқаро чегара пунктлари рўйхатдан ўтказилган.

Қозоғистон сайёҳлик саноатини ривожлантириш учун керакли шарт-шароитларга эга. Мамлакат турк андасидан намуна олган ҳолда, ўз инфратузилмасини яхшилаш бўйича яхши ютуқларга эришган. Қозоғистон Ғарбий Европа ҳудудидан катта бўлган ҳудудга эгалик қилган ҳолда, ўзида тасвирлаб бўлмас даражада гўзаллиги билан машҳур бўлган кенг қоялар ва маҳобатли тоғлар улкасини ифодалайди.

Ўзбекистон ҳам ўз инфратузилмасини такомиллаштириш устида астойдил иш олиб бормоқда. Самарқанд, Бухоро, Хивадаги ажойиб меъморчилик асарлари бўлган афсонавий масжид ва мадрасалар - Ипак йўлига алоқадор бўлган намуналарнинг бир қисмигина холос.

2019 йил апрель ойида Сурхондарё вилоятида Бахшичилик санъати бўйича халқаро фестиваль бўлиб ўтади. Ушбу тадбирга Марказий Осиёнинг барча давлатларидан меҳмонлар ва иштирокчилар таклиф этилган.

Ипак йўлида жойлашган Туркманистон минтақада қулай стратегик ерда жойлашган. Мамлакат Эрон билан чегарадош бўлган ва яхши муносабатлар эга давлатлардандир. Кўчманчи қабилалар тўқувчилари томонидан ёрқин рангда тўқилган гиламлар Туркманистоннинг бадиий рамзини ифодалайди.

Қирғизистон денгиз сатҳидан баланд жойлашган. Ундаги тоғлар қалин ўрмонлар, қоялар эса ўтлоқлар билан қопланган. Буларнинг бари мамлакатнинг ажойиб иқлими билан уйғунлашган ҳолда саёҳатчиларни ўзига жалб қилади.

Тожикистон маданий ва адабий фестиваллар ташкил этиш орқали туризм саноатини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. У ердаги маданий ва тарихий шароитларга келадиган бўлсак, мамлакат сайёҳларни жалб қилиш учун ниҳоятда кенг ресурсларга эга. Тоғ ландшафтли Тожикистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган. Шарқда Хитой, жанубда Ҳиндистон билан чегарадош.

– ​«Silk road» виза – лойиҳасини Марказий Осиёдаги истиқболлари қандай? Мазкур ташаббусни амалга ошириш зарурати нималарда намоён бўлмоқда?

– ​ Марказий Осиёдаги барча давлатлар учун ягона виза амал қилиши сайёҳларга минтақадаги давлатларни исталган тартибда ва исталган муддатга ташриф буюриш имконини таъминлаган бўларди. Ҳозирнинг ўзида синов тариқасида веб-саҳифа ишлаб турибди, унда мазкур минтақа мамлакатларига ташриф буюришни хоҳловчилар керакли маълумотлар билан танишишлари мумкин.

2018 йилнинг октябрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Остона шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда яна бир марта мазкур масалани кўриб чиқдилар, консуллик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни батафсил муҳокама қилдилар.

Музокаралар якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шенген визасининг муқобили бўлган “Ипак йўли” визасини яратиш ғояси 2018 йилда Қозоғистон сенатори Дарига Назарбоева томонидан келиб тушган. 

Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ички туризмни фаол ривожлантириш учун минтақанинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишни истагидаги хорижий меҳмонларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисобламоқда.

«Silk Road виза» лойиҳаси минтақа мамлакатларидаги сайёҳлик тармоғини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Марказий Осиё (дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари сингари)да ҳам сайёҳлик жадал ривожланиб, бу мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳам, ўзларининг имиж ва бренд капиталини оширишга ҳам ёрдам беради. Ягона тур – фойдали, қулай ва қизиқарли.

– ​«Silk Road» визасининг жорий этилиши минтақа мамлакатларига қандай имкониятларни яратади?

– ​«Silk Road» визаси жорий этилиши минтақа давлатларига икки-уч мамлакат ёки бутун Марказий Осиё даражасида кенг кўламли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга тадбиқ этиш имконини беради. Минтақанинг умумий сайёҳлик салоҳияти улкан: маърифий туризм, соғломлаштириш, экстремал, гастрономик, зиёрат туризми ва бошқалар шулар жумласидандир. Масалан, 21-22 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Учинчи халқаро гидлар форуми бўлиб ўтди. Унда қарийб 20 давлат вакиллари иштирок этди. Анжуманда халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан «Silk Road» лойиҳаси бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухорода зиёрат туризми бўйича Биринчи халқаро форум ташкил этилди. Ундан кўзланган асосий мақсад зиёрат туризмни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ушбу йўналишга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишдан иборат, Ўзбекистонни зиёрат туризмнинг йирик марказларидан бири сифатида эътироф этиш ҳамда “Ҳалол” халқаро стандартларини жорий қилишдир.
Ўзбекистон (Бухоро, Самарқанд, Хива, Нурота ва б.ш) ва минтақанинг бошқа мамлакатлари (Қирғизистондаги Сулаймон-тоо, Қозоғистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси)даги муқаддас жойларни зиёрат қилиш билан боғлиқ масалалар айниқса фаол муҳокама қилинди.

Шу боис, ушбу лойиҳага қўшиладиган барча давлатлар томонидан ҳамкорликда амалга оширилажак ишлар кўп.

– ​Ўзбекистон Марказий Осиёлик сайёҳларни жалб қилиш учун нималарни таклиф қилиши мумкин?

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида бу борада қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– ​Туризм тармоғининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиши. 25 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди, мамлакатга кириш ва ички туризмни, сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган қарийб 1500 та чора-тадбир амалга оширилди. Виза режими (яна бир неча қўшимча мамлакатлар учун визасиз режим жорий этилди, электрон визалар бериш тизими йўлга қўйилди ва ҳ.к) ҳамда рўйхатга олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди (мамлакатга ташриф буюрувчи хорижий меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш бутунлай электрон форматга ўтказилди);

– ​Туризм инфратузилмасининг яхшиланиши. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини соддалаштиришга доир қатор чора-тадбирлар самарасида 142 меҳмонхона ташкил этилди, 234 та янги тур операторлар ўз фаолиятини юрита бошлади, сайёҳлар автотранспорти парки 113 автотранспорт (48 автобус ва 85 микроавтобуслар) билан бойитилди. Транспорт логистикаси ривожланмоқда, ташқи ва ички йўналишлар кенгаймоқда, транспорт хизматлари сифати яхшиланаётир.

– ​Тармоқдаги кадрлар салоҳиятининг мустаҳкамланиши. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипак йўли” “Халқаро Туризм университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Давлат туризм қўмитаси ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасида университет халқаро мавқега эга экани эътироф этилиши, университетга Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг логотипидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш, уни расмий шерик сифатида эътироф этишни назарда тутадиган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга эришилди. Университет Сочи давлат Университети (Россия), Sahid туризм институти (Индонезия), Sahid Политехника мактаби (Индонезия) билан ҳамкорлик қилган ҳолда, талабаларга Doubledegree дипломаларини беради.

– ​Йирик халқаро тадбирларнинг ўтказилиши. 2018 йилнинг 3-5 октябрь кунлари “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди (унда 940 компания иштирок этди, уларнинг 140 таси хорижий ва 800 таси ўзбек компанияларидир, ярмаркага 56 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди); 2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари туризм соҳаси бўйича Биринчи халқаро инвестиция форуми ташкил этилди (унда 48 мамлакатдан 300 нафардан ортиқ меҳмон, 15 мамлакатдан ОАВ вакиллари иштирок этди, 400 инвестиция лойиҳалари тақдим этилди, 367 шартнома ва меморандум, 86 инвестиция келишувлари имзоланди).

ХХ асрнинг охирларида ишлаб чиқилган сайёҳлик йўналишлари ҳануз ўз долзарблигини сақлаб қолган: «Марказий Осиё республикалари пойтахтлари бўйлаб» (Ашхабод — Душанбе — Тошкент — Бишкек — Олма-Ота), «Ўрта Осиё республикалари пойтахтлари бўйлаб» (Бишкек — Тошкент — Самарқанд — Душанбе — Ашхабод), «Туркманистон ва Ўзбекистон бўйлаб» (Ашхабод — Бухоро — Самарқанд — Тошкент), « Эртакка саёҳат» (Ашхабод — Дашогуз — Урганч — Бухоро — Самарқанд), «Бишкек — Тошкент — Ашхабод», «Ўзбекистон ва Тожикистон бўйлаб» , «Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари бўйлаб» (Тошкент — Самарқанд — Бухоро — Урганч), «Фарғона водийси бўйлаб» ва б.ш.

– ​«Silk Road» визасининг жорий этилиши билан қандай хавфлар юзага келиши мумкин?

– ​Ҳар қандай сайёҳ билан исталган мамлакатда у ернинг иқлими, рельефи, инфратузилмаси, сайёҳлик логистикаси, хавфсизлик техникаси, маҳаллий таомлари, соғлиқни сақлаш тизими, умумий хавфсизлик даражаси билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олмасак, фикримча, визанинг киритилиши қандайдир хавфларни юзага келтирмайди,

Wegoplace да саёҳат қилиш учун онлайн-сервис Solo Travel Safety Report-2019 ҳисоботини эълон қилди. Унда 2019 йилда қайси давлатлар энг хавфсиз бўлиши хабар қилинади. Ҳисобот 143 мамлакат аҳолисидан бир неча мезонларда олинган сўровга асосланади. Саволлар орасида саёҳатчилар бир ўзлари шаҳар бўйлаб сайрга чиққанларида ўзларини нечоғлик хавфсиз ҳис этишлари, маҳаллий полицияга қай даражада ишонишлари, уларга исбатан ҳужумлар ёки ўғирликлар содир бўлганми каби саволлар бўлган. Энг хавфиз деб топилган мамлакат Сингапур ҳисобланди унинг хавфсизлик кўрсатгичи 97. Сўнгра Норвегия, Исландия ва Финляндия келади. Уларда хавфсизлик кўрсатгичи 93. ушбу рўйхатда ЎЗбекистон (91) Гонконг (91), Швейцарией (91), билан бирга бешинчи қатордан ўрин эгаллади, ундан кейин Канада (90), Индонезия (89), Дания (88) туради.

– ​Сизнингча, мазкур лойиҳага минтақадан ташқаридаги ўйинчиларни ҳам қўшиш мумкинми?

– ​Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши унга бошқа мамлакатлар ҳам қўшилишини таъминлашимумкин. Лойиҳа нафақат ички минтақавий, айни дамда минтақалараро бўлиши кўзда тутилган эди. Масалан, Туркия ва Озарбайжон мазкур лойиҳанинг амалга оширилишига ижобий қарамоқда ва унга қўшилишга тайёр. Россия, Ҳиндистон, Хитойнинг ҳам унга қўшилиш эҳтимоли бор.

ЎзА
7 623