ЎзА Ўзбек

27.08.2018 12:12 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳитини меҳмонлар юқори баҳолади

Мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳитини меҳмонлар юқори баҳолади
Европа халқ партиясининг Германиядаги фракцияси аъзоларидан ташкил топган бир гуруҳ меҳмонлар Фарғона вилоятида бўлди. 

Ўзбекистон ва Европа муносабатларини янги босқичга кўтариш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига Европа Иттифоқининг тажрибаси ва молиявий-техник кўмагини жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Европа халқ партиясининг Германиядаги фракцияси аъзоларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалдаги самарасидир.

Меҳмонларни вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Акмал Ортиқов қабул қилди. Вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, халқимиз фаровонлигини таъминлашда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида гапириб берди.

Делегация аъзолари Фарғона вилояти Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишди. Яқинда барпо этилган “Фарғона анорчилик” корхонаси 300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Ушбу агрофирма анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Айни пайтда 289 гектар ерга 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатлари экилган. 

Меҳмонлар шу куни Фарғона шаҳрида барпо этилган Театр ва концерт, Сув спорти саройларида бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, унинг фаолияти, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишув ҳам самарали бўлди.

Мазкур корхона аёллар кийим-кечаклари тикишга ихтисослашган. Бу ерда кўйлак, костюм, камзул, пальто, куртка каби 20 турдан ортиқ маҳсулотнинг 1000 га яқин модели ишлаб чиқарилмоқда. 

“Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамиятида ипакдан тўқилаётган гилам, адрас, атлас ва бошқа матоларнинг юқори сифати ва ўзига хос дизайни, хорижга экспорт қилинаётган “Лола”, “Тонгги юлдуз”, “Хосиятхон”, “Қалдирғоч”, “Қуёш”, “Етти тоғ чечаги”, “Кўнгил оғочи” нусхали гиламлар делегация аъзоларига манзур бўлди.

Мамлакатимизда таълим, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, миллий ҳунармандлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қулай инвестиция муҳити меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

М.Сулаймонов, ЎзА
3 350