Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 15:38 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз ривожида янги босқич

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларида янги босқични бошлаб берди.

Яқин беш йилга мўлжалланган мазкур тарихий аҳамиятга эга ҳужжатнинг учинчи йўналишида хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоялашни таъминлаш, барча турдаги тўсиқлар ҳамда чеклашларни бартараф этиш, ишбилармонликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик беришга алоҳида аҳамият қаратилгани эътиборга молик. Банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини ислоҳ этиш, хусусан, миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирлар бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллигига хизмат қилади.

Белгиланаётган устувор вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш пул-кредит сиёсатининг устувор йўналишларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Зеро, бозор иқтисодиёти моделида банк тизими иқтисодий механизмларнинг тўкис ишлашида муҳим ўрин тутади. У умумий пул массасини мувофиқлаштириш, молиявий оқимлар ҳаракатини назорат қилиш, пул маблағларини жамлаш ва инвестиция қилиш, хўжалик субъектлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, тармоқлар ва аҳолини кредит маблағлари билан таъминламоқда.

2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард доллар миқдоридаги қарийб 650 инвестициявий лойиҳани назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш режалаштирилган. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғидаги улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади.

Молия-банк тизимини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мақсадли параметрларда 2017-2021 йилларда банклар капиталини 2 баравар, депозитлар ҳажмини 2,1 баравар ошириш режалаштирилган. Банклар капиталининг ортиши ва ресурс базасини мустаҳкамлаш инвестиция кредитлари ҳажмини 1,7 баравар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштиришни 2,2 баравар оширишни таъминлайди.

Тизимда содир бўлаётган бундай ўзгаришлар муайян шаклда бутун иқтисодиётда акс этмоқда. Бинобарин, яратилган изчил инфратузилма, хизмат кўрсатишнинг турли методлари қўлланилиши бозор механизмларининг самарали ишлашини таъминлайди. Янги турдаги суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳисобига уларнинг ҳажмини кенгайтириш, сифатини ошириш, корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш ҳам доимий эътиборда.

Мамлакатимиз тижорат банклари олдига халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлардан самарали фойдаланиш вазифалари қўйилмоқда. Шу боис Марказий банк тижорат банклари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, банк назорати бўйича халқаро Базель қўмитасининг талабларига асосан тижорат банкларимиз капиталининг етарлилиги ва ликвидлилиги даражаси кўрсаткичлари бўйича талаблар ўрнатилган меъёрлардан юқори даражада ҳисобланади.

Албатта, бошқарув ва банк таваккалчилиги тизимида илғор хорижий амалиётлар асосида тижорат банкларида менежмент таваккалчилиги самарадорлигини янада ошириш зарурати пайдо бўлмоқда. Бунинг учун мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг замонавий талабларига жавоб бермайдиган ҳужжатларни бекор қилиш учун банк фаолиятини тартибга солишга оид Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини инвентаризация қилиш, тижорат банклари фаолиятига давлат ҳокимияти органлари томонидан маъмурий аралашувларга йўл қўймаслик керак. Шунингдек, асосий эътиборни банк кредит портфели миқдорини доимий ошириш, унинг сифатини яхшилаш, инвестицион лойиҳаларни молиялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш кўламини янада кенгайтиришга қаратиш самара бериши шубҳасиз.

Хўш, бу вазифаларни амалга оширишда банк тизимида қандай муаммолар мавжуд? Аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банклардан кредит олишларида, айниқса, инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришда кредит таъминотининг етишмаслиги ҳолати учраб турибди. Бу муаммони ҳал этиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, харидоргир бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун тижорат банкларидан бериладиган кредитлар олиш имкониятларини кенгайтириш орқали кичик тадбиркорлик субъектларини жадал ривожлантиришда янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Марказий банк ташаббуси билан Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси ташкил этилди.

Мазкур жамғарма кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик ускуналар харид қилиш ва бошқа мақсадларда бериладиган тижорат банклари кредитларининг гаров билан қопланмаган қисмини таъминлаб беради. Жамғарма ресурс базасини кенгайтиришга халқаро молия институтлари, хорижий фондлар ва банкларнинг маблағларини жалб этиш кўзда тутилмоқда. Жамғарма кредитлар олиш шартлари бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига маслаҳат ёрдамлари кўрсатиб, юқори технологияли ва инновациявий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва кенгайтиришда кичик тадбиркорлик субъектларига кўмаклашади.

Кредит шартномаси (лизинг шартномаси) бўйича қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш мақсадида Кафолат жамғармаси кредит берувчи банк ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кафиллик шартномаси асосида ишонч хати тақдим этади. Тижорат банкларининг кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик ускуналар харид қилиш ва бошқа мақсадларда бериладиган кредитлари бўйича Кафолат жамғармасининг таъминоти кредитнинг гаров билан қопланмаган қисми умумий миқдорининг 50 фоизидан ва эквиваленти 100 минг долларга тенг суммадан ошмаслиги керак. Кафолат жамғармаси тақдим этадиган таъминотнинг максимал умумий миқдори Кафолат жамғармаси маблағларининг 5 баробаридан ортиқ бўлмайди.

Мамлакатимизда суғурта, лизинг хизматлари ривожланмоқда. Бироқ туманларда мазкур хизматлар ва баҳоловчи корхоналар бўлимларининг мавжуд эмаслиги аҳолининг улар хизматларига бўлган эҳтиёжини етарли даражада қоплай олмаяпти. Натижада қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни амалга оширмоқчи бўлган банк мижозлари маблағ ва вақтларини сарфлаб, вилоят марказларига боришига тўғри келмоқда.

Қиёслаш учун тасаввур қилинг: мамлакатимизда ажратилган кредитларнинг қолдиғидаги таъминот сифатидаги суғурта полисининг улуши 2,1 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ривожланган мамлакатларда 15-17 фоиздир. Демак, туман ва шаҳарларда суғурта, лизинг ва баҳоловчи компанияларнинг бўлимларини, агентларини ташкил қилиш орқали мазкур тармоқни янада ривожлантириш ва улар кўрсатадиган хизматлар тури ва кўламини кенгайтириш зарур.

Президентимиз халқимизни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича банкларга тегишли вазифалар юклади. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг декабридан бошлаб жойларда қизғин ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва банк филиаллари дислокацияси, хонадонлар ва меҳнатга лаёқатли аҳоли сони асосида ҳар бир банк филиалига тегишли маҳаллалар бириктирилган. Бириктирилган мутахассислар банк хизматларини таклиф этиш билан бирга, аҳолининг таклиф ва эътирозларини ҳам ўрганмоқда.

Бу жиҳатдан Президентимизнинг “Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур ҳужжат меҳнат бозорига янги кириб келаётган ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитлар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар ҳамда аҳолининг ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлган бошқа қатламларининг микромолиялаш хизматларидан фойдаланишини кенгайтириш, шунингдек, янги иш жойлари ташкил этилишини таъминлайдиган оилавий, хусусий тадбиркорликни ва бошқа фаолият турларини ривожлантиришни рағбатлантиради.

Имтиёзли микрокредитлашнинг кенгайтирилиши кичик тадбиркорлик, аввало, оилавий ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринлари ташкил этиш, уларнинг микромолиявий хизматлардан фойдаланишини осонлаштириш, аҳолининг кам таъминланган ва ҳожатманд қатламлари даромадларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Зеро, имтиёзли микрокредитлар энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригача, асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, уч йилгача муддатга берилади. Агар тадбиркор битта иш ўрни яратса, кредит 9 фоиз, иккита иш ўрни яратилганда 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш ўрнига 7 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш жойлари яратилганда 6 фоиз миқдорида берилади.

Қарорда ўрнатилган тартибга мувофиқ мурожаат этувчи томонидан микрокредитни қайтаришни таъминлай олмаслик ҳолати вужудга келса, тижорат банклари микрокредит таъминоти сифатида энг кам иш ҳақининг юз баробаригача миқдорда микрокредитлашда харид қилинадиган мулкни ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кафиллигини инобатга олади. Агар энг кам иш ҳақининг юз баробаридан ортиқ миқдорда микрокредит берилганда учинчи шахснинг кафиллигини, суғурта ташкилотларининг суғурта полисларини ва қонун ҳужжатлари доирасида бошқа таъминлаш турларини қабул қилиб олишлари йўлга қўйилади.

Марказий банк ушбу микрокредитлаш тизимини жорий йилда Тошкент шаҳрида амалга оширишни мўлжалламоқда. Йил якунида тажриба натижалари таҳлил қилиниб, бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этилади. Амалга оширилиши кўзда тутилган бу каби кенг миқёсли чора-тадбирлар аҳоли турмуш даражасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ва юртимизда "Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ» принципини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

Жаҳонгир Абдурасулов,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки
Кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори ўринбосари.

ЎзА
2 317






Все о погоде - Pogoda.uz