ЎзА Ўзбек

22.10.2012 18:41 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз металлурглари салоҳияти ошмоқда

Автомобиль, поезд, трамвай, велосипед, музлаткич, турли идишлар, компьютер ва стаканлар ишлаб чиқариш учун, аввало, металл керак бўлади. Ҳар қандай уй темир конструкциялардан ясалган синч ёрдамида қад ростлайди. Шунинг учун металлни, ҳақли равишда, ҳаётимиз таянчи, металлургияни эса иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутадиган асосий саноат тармоғи, дейиш мумкин.

Ўзбекистон металлургия саноати ўз мавқеини йилдан-йилга мустаҳкамлаб бормоқда. Негаки, қудратли минерал-хомашё базаси ва тоғ-кон саноати корхоналарининг мавжудлиги туфайли мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида қора ва рангли металл ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ўзбекистон металлургия комбинати мамлакатимиз металлургия саноатининг энг илғорларидан ҳисобланади.

Металлни эритиш ҳақиқатдан ҳам осон иш эмас. “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдонларида ҳар йили катта ҳажмдаги металл қайта ишланмоқда, бу борада кўп миқдорда энергия ва ёқилғи сарфланмоқда. Металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга комбинат жамоаси маҳсулот тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш, унинг таннархини камайтириш, сифатини яхшилаш ва пировард натижада рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Комбинатда сифат менежменти тизими жорий этилгани унинг барқарор ривожланиши, ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминламоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар Миллий сертификатлаш тизими томонидан сертификатланган. Шу билан бирга, комбинатда “ISO 9001:2008” стандарти талабларига мувофиқ сифат менежменти ҳамда “OHSAS 18001:2007” стандарти бўйича касбий саломатлик ҳамда хавфсизлик тизимлари жорий этилган ва сертификатланган.

“Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамиятининг Муҳандислик маркази раҳбарининг ўринбосари, инвестициялар департаменти бошлиғи Наримон Умаровнинг айтишича, корхона томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида солиштирма нархларда қиймати 614,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ўсиш суръатлари солиштирма нархларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,5 фоизни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида корхона томонидан 575,4 минг тонна пўлат ва 556,1 минг тонна тайёр прокат, қиймати 26,9 миллиард сўмлик халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарилди.

“Ўзметкомбинат” жорий йил бошидан буён ўнлаб янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Масалан, 2-навли прокат цехида темирбетон конструкцияларни арматуралаштириш учун бир қанча турдаги пўлат, иссиқ ёйилган тенг томонли бурчаклар, пўлат симлар ишлаб чиқариш цехида сиқиш ва чўзиш пружиналари учун мўлжалланган симлар, рангли металлар ишлаб чиқариш цехида янги турдаги мис ва жез фольгалар, радиатор ленталари, электр таъмирлаш цехида 200 кВтгача қувватга эга электр симлари учун кўп функцияли энергия тежовчи қурилмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Умуман, Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ жорий йилнинг 9 ойи мобайнида қиймати 116 миллиард 203 миллион сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу эса прогнозга нисбатан 121,7 фоизни ташкил қилди.

Ўзбекистон металлургия комбинатида бир қанча йирик ишлаб чиқаришларнинг мавжудлиги унга ўз ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш имконини бермоқда. Электрда пўлат ишлаб чиқариш, мартен, прокат ишлаб чиқариш, металл парчалари ва рангли металларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш цехлари шулар жумласидандир. Шунингдек, бу ерда замонавий энергия тежовчи технологиялар ва ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш орқали ишлаб чиқаришни реконструкция ҳамда модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда ишчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари фаол давом эттирилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 12 мартда қабул қилинган “2009-2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ сўнгги йилда бу ерда эскирган К-5 №2 блоки замонавий ҳаво тақсимлаш қурилмасига алмаштирилди ва бу электр пўлат эритиш ҳамда мартен цехларида пўлатни эритишда электр энергияси, ўтга чидамли материаллар, графитланган электродларни тежаш имконини берди. Шунингдек, мис ва жез фольгалар ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичи ниҳоясига етказилди. Бу эса экспортга йўналтирилган янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ёрдам берди.

“Ўзметкомбинат” ўз корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнида ишлаб чиқариш майдонларига Австрия, Германия, АҚШ, Россия, Италия, Швейцария каби Европанинг етакчи давлатларидаги компанияларнинг замонавий ускуналарини ўрнатди. Мисол учун, рангли металлар ишлаб чиқариш цехи мис ва унинг қотишмаларини эритиш ва қуйиш ускуналари, газ чиқиндиларини тозалаш мосламалари, листларни узунасига қирқадиган автоматлаштирилган агрегатлар, тозалаш ва ишлов бериш линияси билан жиҳозланди.

Айни пайтда комбинатда металл парчаларига ишлов бериш бўйича копров цехини модернизация қилиш, навли прокат цехининг печини ва ярим тайёр маҳсулотни узлуксиз қуйиш машинасини реконструкция қилиш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, Тошкент вилоятида базальт асосида иссиқликни ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзметкомбинат” ОАЖ саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлашда мамлакатимизнинг бошқа корхоналари билан барқарор кооперация алоқаларини ўрнатиб, уларни ривожлантирмоқда, товар ҳамда хизматларни, жумладан, экспортга етказиб бериш бўйича буюртмалар портфелини шакллантирмоқда. Хусусан, комбинат Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Бекободцементтаъмирлаш” очиқ акциядорлик жамиятига металлургия эҳтиёт қисмлари, Навоий кон-металлургия комбинатига металл қирқадиган дастгоҳларга буюртма бермоқда ҳамда уларни олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 февралда қабул қилинган 2012 йил Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржани ташкил этиш ва ўтказишга доир қарори доирасида “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти ушбу Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада иштирок этади. Ҳозир комбинат мутахассислари бўлажак тадбирга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

“Ўзметкомбинат”нинг кўргазма павильонида қора металлар прокати, жумладан, тегирмон шарлари, мис ва унинг қотишмаларидан тайёрланган буюмлар, пайвандлаш электродлари, сирланган пўлат идишлар, михлар, пўлат тўрлар, 2012 йилда ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган янги маҳсулотлар, истиқболдаги маҳсулотлар, ўрта муддатли истиқболда ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, маҳаллий хомашё базасида ўзлаштириш учун таклиф этилаётган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар – оловга чидамли материаллар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар қўйилади.

“Ўзметкомбинат”дан маълум қилишларича, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада ҳар йили иштирок этиш ўз самарасини бермоқда. Тузилаётган шартномалар сони йил сайин кўпаймоқда, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда, нафақат йирик саноат корхоналари, балки кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик вакиллари билан ҳам ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда.

“Ўзметкомбинат” 2008 йилда тармоқлараро саноат ярмаркаси, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада илк бор иштирок этиб, қиймати 5,5 миллиард сўмлик 48 шартнома тузган эди. Ўтган йили эса 19,4 миллиард сўмлик 140 дан ортиқ шартномани имзолади. Жорий йилда ҳам уларнинг ҳажми янада ортади.

Навбатдаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа комбинатга буюртмалар портфелини тўлдириш, тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар етказиб бериш бўйича мамлакатимиздаги шериклари билан тендер ўтказмасдан ўзаро манфаатли шартномалар тузиш, келгуси йил учун экспорт шартномаларини имзолаш имконини беради.


ЎзА, Меҳрибон Маметова
10 822