Мамлакатимиз энергетика салоҳияти: имконият ва истиқбол
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталари томонидан «Ўзбекистонда энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг ҳолати ва истиқболлари» мавзуида ташкил этилган конференцияда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа экспертлари ҳамда олимлар иштирок этган тадбирда соҳани ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергетик ресурсларга нисбатан ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида электр станцияларида табиий ресурслардан фойдаланиш коэффицентининг мавжуд кўрсаткичларини яхшилаш билан бир вақтда янги қувватларни ишга тушириш, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 40 фоизга ошириш белгиланган.
Энергетика соҳасининг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида», «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламент қуйи палатаси муҳокамасига киритишни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Қайд этилганидек, энергия ҳосил қилувчи бирламчи ресурслар бозорига давлат мулкчилигига асосланган тизим билан бир вақтда хусусий мулкчиликни ҳам фаол жалб этиш зарур. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш тадбирларини амалга оширишда энг қуйи истеъмолчиларни ҳам қамраб олиш бўйича тизимли дастурларни амалга ошириш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини кенгайтириш бўйича иқтисодий асосланган чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш йўналишида ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.